Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда. Ташриф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни бажариш бўйича “Йўл харитаси” бандлари ижроси доирасида ташкил этилди.

Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Қанибек Имоналиев бошчилигидаги ижодкорлар делегацияси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида қабул қилинди.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид икки мамлакат адабий ташкилотлари ўртасида “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” шиори остида ривожланаётган ҳамкорлик алоқаларининг асосларидан бири ўзбек ва қирғиз адабиётининг энг сара намуналарини ўзаро келишув асосида таржима қилиш эканини таъкидлади.  

Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи биринчи марта қирғиз тилига ўгирилгани, замонавий қирғиз адабиётидан амалга оширилаётган таржималар, жумладан, яқиндагина тақдимоти ўтказилган Қанибек Имоналиевнинг “Қирғизнома”, Роза Айтматованинг “Хат келди” хотира китоби бугунги кундаги адабий дўстлик алоқалари ривожида ижобий воқеадир.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар бўлими бош мутахассиси, атоқли адиба ва таржимон Рисолат Ҳайдарованинг фикрича, халқлар ўртасида дўстлик, ўзаро ишонч туйғусини мустаҳкамлашда адабиёт ва маданият муҳим аҳамият касб этганини ўзбек-қирғиз адабий алоқаларида яққол кўриш мумкин. Қирғизистон халқ ёзувчиси Али Тўқамбоев Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонини қирғиз тилига ўгирган таржимонларга бош-қош бўлди. Устоз Миртемир “Манас” эпосини зўр маҳорат билан ўзбекчага ўгирди. Атоқли адиб Чингиз Айтматов ушбу таржимани юксак баҳолади.

Мамлакатимизда қирғиз адабиётидан таржима қилишга эътибор ҳамиша катта эди. Тугалбой Сидиқбеков, Шукурбек Бейшеналиев, Муса Жонғозиев, Тўлаган Қосимбеков, Мар Бойжиев каби ХХ аср қирғиз адабиётининг забардаст вакиллари асарлари ўзбек тилига ўгирилган. Чингиз Айтматов яратган роман ва қиссалар ўзбек ўқувчиларининг севимли асарларига айланган.

Илёс Муслим, Миртемир, Султон Акбарий, Асил Рашидов, Турсунбой Адашбоев каби устоз таржимонлар қирғиз адабиётини ўзбек ўқувчисига яқинлаштирган бўлса, Соғиндиқ Омурбоев, Суюнбой Эралиев, Шукурбек Бейшеналиев, Туманбой Байзоқов каби қирғиз мутаржимлари ўзбек шоир ва ёзувчилари асарларини таржима қилиб, қирғизистонлик китобхонларга тақдим этишган.  

Бугунги кунда ўзбек адабиётини қирғиз ўқувчилари орасида тарғиб қилаётганлар орасида Самидин Стамбеков, Авлиёхон Эшон, Тўрабой Жўраев, Жилдиз Ақаева, Жакиб Акимовларни санаш мумкин.  

2022 йилда чоп этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасининг 9 жилди қирғиз адабиётига бағишланган бўлиб, унда қардош адабиётнинг мумтоз даври намояндаларидан тортиб, бугунги кунда фаол ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларнинг ижодигача қамраб олинган.  

2019 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган бўлиб, ушбу ҳужжат асосида бир неча йиллардан бери биргаликда тадбирлар ўтказилиб, адабий лойиҳалар амалга ошириб келинади. Марказий Осиё ёш ижодкорлари семинари, Туркий тилли мамлакатлар ёш ижодкорлари форуми, “Мумтоз шеърият” фестивали каби тадбирлар шулар жумласидан.  

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари вакиллари ҳамкорликда амалга оширилувчи кейинги тадбирларни муҳокама қилишди. 

Тадбир давомида икки халқ адабиёти тарғиботига ҳисса қўшиб келаётган қатор ижодкорларнинг хизматлари эътироф этилди. Ўзбек адабиётини қирғиз ўқувчиларига тақдим этиш йўлида меҳнат қилаётган қатор ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига, қирғиз ва ўзбек адабий дўстлиги ривожига ҳисса қўшиб келаётган ўзбек шоир ва ёзувчилари Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо этиб қабул қилинди.  

  ***  

Ташриф доирасида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи қирғиз тилидаги нашри тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан  Абдулла Қодирий ижод мактабига ўзбек ва қирғиз адабий жамоатчилик вакиллари, адабиёт ихлосмандлари, ёшлар  таклиф этилди. Тақдимот улуғ ўзбек ёзувчисига эҳтиром рамзи сифатида унинг ҳайкали пойига гул қўйишдан бошланди.

“Ўткан кунлар” романи шу йил бошида қирғиз тилида Бишкекда чоп қилинди, Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тақдимоти ўтказилди. Асарни қирғиз тилига Учқун Абдилазизов ўгирган. “Улуу тоолор” нашриёти томонидан босмага тайёрланган китобга Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб ва таржимон Самидин Стамбеков муҳаррирлик қилган.  

Романнинг қирғизча нашрига “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти директори, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов сўзбоши ёзган бўлиб, унда жумладан, қуйидаги сўзлар бор: “Ўзбек адабиётида юзлаб романлар ёзилди. Уларнинг орасида мақтаса арзийдиган, талай чет тилларга ўгирилганлари бор. Бироқ шунга қарамай, “Ўткан кунлар” романи бошқача. Агар шундай деб айтиш мумкин бўлса, мен бу романни “Ўзбек халқининг паспорти” деб атаган бўлардим”.  

Шуни таъкидлаш лозимки, “Ўткан кунлар” романи Қодирий ҳаётлигидаёқ бошқа тилларга таржима қилина бошланган. Жумладан, 1929 йилда роман Бокуда озарбайжон тилида чоп этилган.  

“Ўткан кунлар” 1958 йилда Лидия Бать ва Валентина Смирнова таржимасида рус тилида чоп этилган, Германияда “Тошкентлик ошиқлар” номи билан немис тилига таржимада нашр қилинган.

Тақдимот маросимида Абдулла Қодирий ижодининг тадқиқоти бугунги кунда халқаро миқёсга чиқаётгани, “Ўткан кунлар” романи замонавий туркий адабиёт ривожини янги босқичга кўтаргани, ушбу ўлмас асар ўзининг янги, жаҳон миқёсидаги эътирофи сари йўлга чиққани таъкидланди.

ЎзА

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адабий дўстлик – абадий дўстлик