Жаҳон матбуоти Ўзбекистон ҳақида
БАА, Саудия Арабистони, Миср, Яқин Шарқ ва Африканинг бошқа ҳудудларидаги миллионлаб фойдаланувчилар учун минтақавий янгиликлар ва хориж хабарларини етказувчи ишончли манба – “Завйа” (zawya) нашри саҳифаларида Ўзбекистон Президентининг “ACWA Power” компанияси билан амалга оширилаётган лойиҳалар – Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли замонавий буғ-газ электр станциясини тармоққа улаш ҳамда Тошкент вилоятида “яшил водород”ни “пилот” тарзда ишлаб чиқариш қувватини барпо этишни бошлаш маросимидаги иштироки ҳақида мақола эълон қилинди.
Муаллиф Сирдарёдаги қиймати 1,1 миллиард долларли иссиқлик электр станцияси 3 миллиондан зиёд хонадон ва юзлаб саноат корхоналари эҳтиёжини қондириш имконига эгалигига тўхталиб, илк бор “яшил водород” ишлаб чиқариш бўйича ўхшаши йўқ корхона ташкил этилаётганига эътибор қаратган. Таъкидланишича, “ушбу “пилот” лойиҳа доирасида биринчи босқичда 3 минг тонна водород ишлаб чиқарилади ва кейинчалик минерал ўғит қайта ишланади, шунингдек, 52 мегаваттлик шамол электр станцияси қурилади”.
Нашр “ACWA Power” компанияси иштирокида Ўзбекистонда 7,5 миллиард долларлик йирик энергетика лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани, ушбу ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилиши 2030 йилга бориб 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватини яратиши, 4,5 миллиард куб/метр газ иқтисод қилиниши, атмосферага кўтарилаётган зарарли моддалар ҳажми 3 миллион тоннага қисқариши урғуланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА