Шахмат оламида ишқибозу мутахассисларни жамлаган Chess.com ортда қолаётган 2025 йилнинг энг муҳим воқеалари, энг моҳир гроссмейстерлари, ёш ва умидли шахматчилари ҳамда 10 та номинация бўйича номзодлар рўйхатини эълон қилди.
Ўзбекистонлик шахмат ихлосмандлари учун эътиборли жиҳати, мазкур танловнинг иккита номинациясида ҳамюртларимиз номи қайд этилди.

Хусусан, маҳоратли гроссмейстеримиз Нодирбек Абдусатторовнинг Нидерландияда ўтган “Tata Steel Masters-2025” турнири 5-турида Жордан Ван Форестга қарши баҳси "Йил ўйини" номинациясидан жой олгани мамлакатимиз шахмати ва талантли вакилларининг дунёда ўз ўрни борлигини яна бир бор тасдиқлади.

Шунингдек, 2025 йилнинг энг кучли шахматчиси номинациясида 2025 йилги жаҳон кубоги ғолиблигига эришган истеъдодли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров ҳам эътироф этилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА