Англия пойтахти Лондон шаҳридаги “Emirates Stadium” мажмуасида ўтган “XTX Markets London Chess Classic" турнирининг сўнгги 9-турида муддатидан олдин мусобақа ғолиблигини нақд қилган Нодирбек Абдусатторов украиналик Павел Эльянов билан куч синашди.
Ушбу турда оқ доналарда ўйинни олиб борган Нодирбек тажрибали Эльяновга қарши муносиб дона сурди ва 61-юриш ҳолатида томонлар муроса йўлини танлашди.

Мукофот жамғармаси 50 минг фунт стерлингдан иборат турнирда ушбу натижадан кейин Абдусатторов 7,5 очко жамғарган ҳолда ғолиблик мавқеини мустаҳкамлаб олди. 9-турда рақиби билан дурангга эришган франциялик Алиреза Фирузжа 5,5 очко жамғариб, 2-ўринни, 5 очкога эга Никита Витюгов (Англия) эса 3-ўринни қўлга киритди.
10 нафар маҳоратли шахматчилар иштирок этган турнирда 6 та ғалаба ва 3 та дуранг натижа билан олтин медалга эга чиққан Нодирбек Абдусатторов 25 минг, кумуш медал соҳиби Алиреза 15 минг ва бронза медали соҳиби Витюгов эса 10 минг фунт стерлингга эга чиқди.

Айтиш лозим, ўн тўққизинчи бор ташкил этилган “London Chess Classic" турнирининг ўтган мусобақаларида Магнус Карлсен, Владимир Крамник, Ҳикару Накамура, Вишиванатан Ананд, Уисли Со, Фабиано Каруана, Дин Лижен, Микки Адамс, Гаваин Марорао Жонес сингари маҳоратли гроссмейстерлар ғолибликка эришган.
Бугун, 6 декабрь куни Н. Абдусатторов Англия пойтахтида бошланаётган яна бир тезкор шахмат турнири “Super Rapidplay”да иштирокини бошлайди.

10 та турдан иборат мазкур мусобақада ҳамюртимиз қаторида Майкл Адамс, Ананд Пранав, Леньер Домингес, Павел Эльянов, Жон Эммс, Алиреза Фирузджа, Эльдар Гасанов, Амит Гаси, Стивен Гордон, Ринат Джумабаев сингари шахматчилар дона суради.
Бугун кун давомида 5 та ва эртага қолган 5 та тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА