Ўзбекистон ва Тожикистон мезбонлигида ўтаётган футбол бўйича "CAFA Nations Cup" турнирининг "B" гуруҳида иккинчи тур учрашувлари якунланган бўлса, бугун, 2 сентярбь куни "А" гуруҳи иштирокчилари ўзларининг иккинчи ўйинларини ўтказади.
Тожикистонда ўтаётган "B" гуруҳидаги ўйинларда Эрон 3:0 ҳисобида Ҳиндистон терма жамоасини таслим этди. Тожикистон эса Афғонистон термасини 2:0 ҳисобида доғда қолдирди. Натижада эронлик футболчилар 6 очко тўплаб, жадвалнинг биринчи поғонасидан жой олди. Мезбонлар ва Ҳиндистон терма жамоалари бир хил 6 очко тўплаб, голлар нисбатига кўра 2-3 поғоналарни банд этди. Афғонистон эса иккинчи мағлубиятдан сўнг охирги ўринда қолди.

Энди 4 сентябрь куни Тожикистон – Эрон ва Ҳиндистон – Афғонистон термалари ўзаро рақобатлашади. Мазкур ўйинда Ҳиндистон ва Тожикистон учун ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Эрон учун дуранг натижа ҳам уларни финалга олиб чиқади. Бироқ Тожикистон Эрон устидан ғалаба қозонса, кейинги босқичдан умидини узган Афғонистонни ҳиндистонлик футболчилар камида 7 та гол фарқи билан таслим этиши керак бўлади.
Пойтахтимизда ўтаётган мазкур мусобақанинг "А" гуруҳида бугун соат 19:00да Ўзбекистон ва Туркманистон термалари “Олимпия” стадионида, Қирғиз Республикаси ҳамда Ўмон термалари эса “Жар” ўйингоҳида ўзаро тўқнашади. Дарвоқе, ушбу жамоалар ҳисобида бир очкодан мавжуд.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов кеча “Манчестер Сити” сафида “Брайтон”га қарши учрашув пайтида жароҳат олган эди. Текширувлардан сўнг футболчимизнинг чап оёқ болдир мушагида кичик жароҳат борлиги аниқланган. Дастлабки хулосаларга кўра, тикланиш муддати 2 ҳафтани ташкил этиши кутилмоқда.
Шифокорларнинг тавсиясига биноан Ҳусанов “CAFA Nations Cup” турнирида иштирок эта олмаслиги маълум бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА