Абдулазиз Абдурасулов – ўзбек санъати ривожига катта ҳисса қўшган мусиқа дарғалардан бири. Унинг ижод маҳсули саналмиш «Гулзорим» «Бозургоний», «Бебокча» «Қурбон ўлам» қўшиқлари ҳамон севиб тингланади, катта ҳавас билан ижро этилади. У нафақат моҳир ижрочи, бастакор, балки М.Ашрафий, М.Бурхонов, Д.Зокиров, Ю.Ражабий сингари машҳур санъаткорларнинг ижодий камолотига муносиб ҳисса қўшган мусиқа нуктадони ҳамдир.
Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов ижоди халқимиз томонидан юксак баҳоланган, Устоз санъаткор «Ўзбекистон халқ ҳофизи» фахрий унвони ва «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.
Рига «Грамафон» фирмаси 1909 йилдаёқ унинг ижросидаги «Ироқ», «Насруллойи», «Ушшоқлар»ни ёзиб олиб, санъат ихлосмандларига тортиқ этган.

У томонидан куйланган ва куйга солинган ўнлаб асарлар МТРК «Олтин фонди»да сақлаб келинмоқда. Мақом фестиваллари, ижодий анжуманларда ҳофиз ҳурмат билан эсга олинади. Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов номи билан анъанавий танлов ўтказиб келинади.
Бу йил ҳам Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳамда Самарқанд вилояти маданият бошқармаси ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов уй музейида хотира кечаси, Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг ижодий фаолиятига бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтди.
Унда улуғ санъаткор асарларининг бугунги кундаги бадиий қиймати, аҳамияти бўйича маърузалар тингланди.

Шундан сўнг, ҳофиз номи билан аталадиган танловга навбат берилди. Танловда Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўлимлари бадиий раҳбарлари ҳамда мақом хонандалари иштирок этди.
Ўзбекистон халқ ҳофизлари И.Ваҳобов, С.Ниёзовлар бошчилигидаги нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчилар ижроси баҳолаб борилди. Якуний натижага кўра, «Насри Ушшоқ» ижроси учун Бухоро вилоятидан ташриф буюрган ҳофиз И.Исмоилов бош совринга, «Дарду дилим» асари учун Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли хонандаси С.Юнусов биринчи ўринга, «Гулузорим» асари учун наманганлик хонандалар О.Муҳаммедов ва Ш.Қурбонбоев иккинчи ўринга, «Чапандози ва Сафти Суворалар» асари ижроси учун хоразмлик санъаткорлар С.Омонов ҳамда Б.Ёқубов учинчи ўринга муносиб деб топилди.
Тадбир иштирокчилари Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишиб, Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов қабрини зиёрат қилди.
ЎзА