Транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлар икки йилгача озодликдан маҳрум қилинади
Сенат ялпи мажлисида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги қонун кўриб чиқилди. Ҳужжат инсон ҳаётини ҳимоя қилиш ҳамда йўллардаги хавфли қоидабузарликларнинг олдини олишга қаратилган.
– Қонунга кўра, жазо чоралари кескин кучайтирилмоқда, - деди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов. – Маст ҳолда автомобиль бошқариш статистикасига кўра, 2024 йилда 11 минг 994 та, 2025 йилда эса 13 минг 521 та шундай ҳолат қайд этилган. Эндиликда Жиноят кодексининг 261¹-моддасига киритилаётган ўзгартишга мувофиқ, транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарган шахслар бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Вояга етмаганларга автомобиль бошқарувини бериш оқибатида 2025 йилда 14 ёш ва ундан кичик болалар иштирокида 168 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Энди бундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий тартибда 50 БҲМ жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазоси қўлланилади.

Жиноят кодексига киритилаётган янги 261³-моддага биноан, бу ҳаракат оқибатида оғир тан жароҳати етказилса – 3 йилгача, инсон ўлими юз берса – 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
2026 йилнинг 9 ойида тезликни соатига 40 - 60 км.га ошириш билан боғлиқ 19 минг 719 та ҳолат аниқланган.
Янги тартибга кўра, 40 км/соатдан ортиқ оширганда – 25 БҲМгача жарима; 60 км/соатдан ортиқ оширганда – 45 БҲМгача жарима; 80 км/соатдан ортиқ оширганда – 65 БҲМ жарима ва 6 ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

2025 йилда 604 та, 2026 йилнинг 9 ойида эса 572 та йўл безорилиги қайд этилган. Эндиликда хавфли манёврлар қилиш, «дрифт» уюштириш ва бошқа ҳайдовчиларга қасддан халақит бериш учун ҳам жавобгарлик кучайтирилади.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад – шунчаки жарималарни ошириш эмас, балки ҳайдовчилар масъулиятини кучайтириш ва йўлларда инсонлар ҳаётини асраб қолиш.
Норгул Абдураимова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА