Ўзбекистон – Россия III медиа форуми хориж матбуоти нигоҳида
Бугунги глобал ахборот маконида оммавий ахборот воситалари ўртасидаги халқаро ҳамкорлик нафақат тезкор ва ишончли ахборот алмашиш, балки мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, халқларнинг бир-бирини янада яқиндан англаши ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим омилига айланмоқда.
Жорий йилнинг 9-10 ноябрь кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ва Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ҳамкорлигида III Ўзбекистон–Россия медиа форуми ўтказилди.
Икки мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, журналистлар, медиа соҳаси мутахассислари ва мутасадди ташкилотлар вакилларини бир майдонда жамлаган анжуманда ахборот соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма медиалойиҳаларни амалга ошириш, рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда замонавий журналистика олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Эътиборли жиҳати, мазкур нуфузли йиғин РФ ахборот маконида ҳам кенг акс садо берди. Ўлканинг етакчи ахборот агентликлари, телеканаллари ва интернет нашрлари конференция жараёнлари, унда илгари сурилган ташаббуслар ҳамда икки томонлама медиа ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.
Россия оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материалларда форум нафақат журналистлар ўртасидаги навбатдаги мулоқот майдони, балки Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ахборот алоқаларини янги амалий босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим ташаббус сифатида талқин этилди.
Хусусан, ТАСС ахборот агентлигининг форумга оид хабарлари орасида Халқаро фактчекинг ассоциациясининг Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари билан келишувлар тайёрлаётгани ҳақидаги материал алоҳида аҳамият касб этди. Ассоциация вице-президенти Даниил Бисслингер ўзбекистонлик журналистлар ва экспертлар томонидан ҳамкорликка қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади.

Шунингдек, ТАСС хабарида Агентлик бош директори Андрей Кондрашов қўшма телевизион ва рақамли лойиҳаларни кўпайтириш, икки мамлакат маданий мероси ҳақида кўрсатувлар чиқариш, ҳужжатли ва бадиий кинони қўллаб-қувватлаш, муҳим саналарга бағишланган махсус материаллар тайёрлаш имкониятларини қайд этган.
«РИА Новости» нашри Ўзбекистон рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекоснинг интернет фирибгарлигига қарши тажриба ва тезкор маълумот алмашиш таклифини ёритди. У сохта овозлар, қалбаки видеолар ва алдамчи сайтлар чегара танламаслигини таъкидлаб, мактаб ўқувчилари, талабалар, ўқитувчилар, журналистлар ва кекса авлод учун сунъий интеллект саводхонлиги бўйича очиқ дастурлар ишлаб чиқишни таклиф этган.

«Первый канал» телеканалининг Тошкентдан тайёрланган кўрсатуви ахборот хавфсизлиги, сунъий интеллект, янги телевизион ва рақамли лойиҳаларни ягона ҳамкорлик манзарасида кўрсатди. Репортажда россиялик таниқли сиёсатшунос ва муҳаррир Фёдор Лукьянов икки мамлакат аҳолиси Янги Ўзбекистон ва Россияни янада чуқурроқ билиши зарурлигига эътибор қаратган. РФнинг Интернетни ривожлантириш институти бош директори Алексей Гореславский эса ҳамкор мамлакат ҳудудидан фақат суратга олиш майдони сифатида фойдаланишдан қўшма маҳсулот яратишга ўтиш вақти келганини айтган.

НТВ телеканали форумга бағишланган репортажда 200 дан ортиқ иштирокчи — репортёрлар, муҳаррирлар, медиараҳбарлар ва соҳавий идоралар вакиллари қатнашганини қайд этди. Материалда сунъий интеллектдан журналистик таҳлилда фойдаланиш имкониятлари билан бирга, у тузадиган ахборотнинг ишончлилиги масаласи ҳам кўтарилган. Хусусан, НТВ бош муҳаррири Александра Кошарницкая ишончли манбаларга таянувчи моделлар зарурлигини таъкидлаган.

РЕН ТВ телеканали Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг икки мамлакат медиа жамоалари олдида деярли бир хил муаммолар тургани, дипфейк ва дезинформацияга қарши биргаликда ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақидаги фикрларини ёритди.

«МИР 24» телеканали материалида стратегик шериклик, рақамли ўзгаришлар, фейкларга қарши кураш ва умумий маданий хотира бир-бирини тўлдирувчи мавзулар сифатида берилган. Репортажда биринчи кун якунида ҳамкорлик ҳужжатлари, жумладан, «Союзмультфильм»да стажировкаларга оид келишувлар имзолангани қайд этилган.

«Комсомольская правда» газетаси Халқаро фактчекинг ассоциацияси вице-президенти Даниил Бисслингернинг ишончли маълумотлар ва фейклар бўйича қўшма база тузиш таклифини ёритиб, сохта хабарлар кўпинча миллатлараро муносабатлар, иқтисодий ва ижтимоий мавзуларга дахл қилишини қайд этган. Материалда экспертлар мулоқоти, текширилган маълумотлар базаси ва қўшма ўқув тадбирлари бир-бирига боғлиқ чоралар сифатида кўрсатилган.

«Большая Азия» ахборот-таҳлилий нашри ҳам анжуман доирасида икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма медиа лойиҳаларни ривожлантириш ҳамда замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинганига эътибор қаратди.

Умуман олганда, III Ўзбекистон–Россия медиафорумининг РФ оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши форумга бўлган юқори қизиқиш ва унинг икки мамлакат ахборот маконидаги аҳамиятини намоён этди.
Абдуазиз Хидиров,
ЎзА