Зоир Мирзаев: Япония билан ҳамкорлик янги амалий босқичга кўтарилмоқда (+видео)
Яқинда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги делегация Японияга ташриф буюрди. Сафар дастури доирасида Айчи префектураси губернатори Хидеаки Омура билан ҳудудлараро муносабатларни ривожлантириш, иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Нагоя шаҳрида япон сиёсий ва ишбилармон доиралари иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида эса Тошкент вилоятининг салоҳияти ва қўшма лойиҳалар истиқболлари тақдим этилди. Шунингдек, музокараларда аниқ ташаббусларга эътибор қаратилди: “Manekiya Glass” ва “E-trans Corporation” компаниялари раҳбарлари билан вилоятда замонавий шиша ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг Японияда стажировка ўташи ҳамда “Japan Plaza” лойиҳасини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Эътиборли жиҳати, ташрифда кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Хусусан, Япониянинг хорижий фуқароларни касбий тайёрлаш ва иш билан таъминлашга ихтисослашган “Onodera User Run” компанияси раҳбарияти билан мулоқот ҳамда кунчиқар юртдаги ватандошлар билан учрашув бу йўналишнинг муҳим қисми бўлди, дейиш мумкин.

Айниқса, Токиода “Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳияти ва инвестиция имкониятлари” мавзусида ўтказилган бизнес-форум Япония ишбилармон доиралари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудга хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Йиғинда Тошкент вилоятидан 30 нафар маҳаллий тадбиркор ҳамда Япониянинг 200 нафардан ортиқ етакчи компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

ЎзА мухбири Япония билан ҳудудлараро ҳамкорликнинг янги истиқболлари, эришилган келишувлар ва уларни амалий лойиҳаларга айлантириш масалалари хусусида Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев билан қисқа суҳбат уюштирди.
Ушбу суҳбатни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА
Токио, Япония