АОКАда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Гулноза Алимова иштирокида ўтказилган брифингда аҳоли томорқаси ва ижара ерларда экин экиш ишларини ташкил этиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Қайд этилишича, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли даромадини ошириш мақсадида ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 92 минг нафар фуқарога қарийб 1,5 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.
Томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида “долзарб бир ойлик” сафарбарлиги доирасида ҳудудларга масъуллар бириктирилди.
478 минг гектар аҳоли томорқаларига 209 минг ижара ер майдонларига “баҳорги” экинлар экилиши белгиланди.
Бундан ташқари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тажриба-синов тариқасида Олтинкўл тумани Садда маҳалласида 5 гектар, Балиқчи тумани Сарнавул маҳалласида 5 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонида енгил типдаги иссиқхона хўжаликлар ташкил этилмоқда.
Қурилаётган иссиқхоналарни вақтинчалик фойдаланиш шарти билан 2 йил муддатга 10 сотихдан жами 100 та “Камбағал оилалар реестри”даги фуқароларга тўрт томонлама шартнома асосида тўғридан-тўғри ижарага бериш кўзда тутилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА