Устоз меҳнати — келажак пойдевори
1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент вилоятида таълим соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, ёш авлодга пухта билим ва муносиб тарбия беришга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи педагогларга эҳтиром кўрсатилди.
Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида таълим тизимида узоқ йиллик меҳнати, касбига садоқати ва ташаббускорлиги билан алоҳида ўрин тутган бир гуруҳ устоз ва мураббийлар иштирокида тантанали тадбир ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, жамият тараққиёти, аввало, таълим ва тарбия сифати билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади. Бу масъулиятли ва шарафли вазифани зиммасига олган устозларнинг фидокорона меҳнати, билим ва тажрибаси, ёшлар қалбига сингдираётган эзгу қадриятлари юрт келажагини белгилашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Шундан сўнг илк бор ўтказилган Республика “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичида ғолибликни қўлга киритган педагогларга ажратилган пул мукофотлари ваучерлар тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, таълим-тарбия йўналишида юқори натижаларга эришиб, илғор тажрибаси, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан ҳамкасбларига намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ педагоглар ҳам турли номинациялар бўйича тақдирланди.
Дарҳақиқат, устознинг вазифаси фақат дарс бериш билан чекланмайди. У ёш авлод қалбига илмга муҳаббат, Ватанга садоқат, эзгулик ва бунёдкорлик туйғуларини сингдиради. Шу боис педагог меҳнатининг ҳақиқий самараси унинг шогирдлари эришаётган ютуқларда, жамият ҳаётида ўз ўрнини топаётган ёшлар мисолида намоён бўлади.

Бугун таълим соҳасида меҳнат қилаётган фидойи устозларнинг касбий маҳорати ва ҳаётий тажрибасини қадрлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ёш авлод таълим-тарбиясига бўлган эътиборнинг муҳим ифодасидир.
А.Мусаев,ЎзА