“МИСИС” олийгоҳи талабалари халқаро олимпиада ғолиби
Бугун кон-геология соҳасида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш нафақат ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, балки соҳа учун янги авлод мутахассисларини тайёрлашнинг ҳам муҳим шартига айланмоқда. Геологик маълумотларни таҳлил қилиш, уч ўлчамли моделлар яратиш ва конларни рақамли баҳолаш каби жараёнлар энди замонавий кончилик мутахассисининг амалий кўникмаларини белгилаб бермоқда.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказилган “MinGeoMod 2026” халқаро олимпиадаси ана шу йўналишдаги билим ва кўникмаларни синовдан ўтказган муҳим илмий-амалий майдон бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Micromine Australia” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Геолог” оромгоҳида кон-геология соҳасида рақамли моделлаштириш бўйича ташкил этилган халқаро олимпиадада 11 та олий таълим муассасасидан 11 та жамоа иштирок этди. Ҳар бир жамоадан 4 нафардан талаба қатнашгани боис, мусобақанинг бевосита иштирокчилари умумий сони 44 нафарни ташкил этди. Улар орасида Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Геология фанлари университети, Миллий технологик тадқиқотлар университети “MISIS”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети билан бир қаторда, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларининг нуфузли олийгоҳлари ва профессионал таълим ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашди.

Шу жиҳатдан, “MinGeoMod 2026” олимпиадаси оддий танловдан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Унда турли мамлакатлардан келган ёш мутахассислар ўз билим ва амалий кўникмаларини синовдан ўтказиш, тажриба алмашиш ҳамда геология ва кончилик соҳасида рақамли технологияларни қўллаш бўйича ёндашувларини намойиш этиш имконига эга бўлди.
Олимпиаданинг асосий мақсади геология ва кончилик ишларида замонавий рақамли технологиялар, хусусан, Micromine дастурий мажмуасидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларни ривожлантиришдан иборат бўлди. Жараёнда иштирокчилардан тайёр алгоритм бўйича ишлаш эмас, балки ҳақиқий геологик-қидирув маълумотлари асосида мустақил равишда рақамли геологик модель яратиш талаб этилди. Улар дастлаб бурғилаш қудуқларининг бошланғич маълумотлар базаси ва намуналаш натижаларини қайта ишлашдан бошлади. Кейин маъдан таналари чегараларини аниқлаш, уч ўлчамли каркасларни шакллантириш, блокли модель яратиш, фойдали қазилма таркибини интерполяция қилиш каби мураккаб босқичларни бажарди.
Яъни танлов давомида геологик маълумотнинг дастлабки таҳлилидан тортиб, унинг асосида тўлиқ уч ўлчамли рақамли модель яратишгача бўлган жараён қамраб олинди. Хусусан, Миллий технологик тадқиқотлар университети “MISIS”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиалидан “MacroMiner MISIS” жамоаси аъзолари, “Кончилик иши” йўналиши талабалари Х.Турғунов, О.Умирзоқов, Л.Насруллаев ва Х.Санақулов ўрин олди.

Ёшлар олдида турган вазифа “Micromine” дастурида алоҳида операцияларни бажариш билангина чекланмади. Улар дастлабки геология-қидирув маълумотларини тўлақонли уч ўлчамли рақамли геологик моделга айлантиришнинг изчил технологик кетма-кетлигини ишлаб чиқиши лозим эди.
Жамоа иш жараёнида дастлабки маълумотларни текшириш ва статистик таҳлил қилиш, руда композитларини ҳисоблаш, руда интервалларини контурлаш ва геологик чегараларни шакллантириш, руда таналарининг уч ўлчамли каркасларини қуриш, блокли модель яратиш, олтин таркибини интерполяция қилиш, шунингдек, қидирув эллипсоиди ва баҳолаш ишончлилиги параметрларини созлаш каби босқичларни изчил амалга оширди.
Натижада олтин таркибининг уч ўлчамли блокли модели шакллантирилди. Эътиборлиси, жамоа фақат якуний ҳисоб-китоб натижаларини тақдим этиш билан чекланмади. Бажарилган ҳар бир технологик қарорнинг мазмуни ва асослари изоҳланди. Бу эса иштирокчиларнинг Micromine дастурий мажмуасидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмалари билан бир қаторда, геологик жараёнларни тушуниш, моделлаштириш мантиғини англаш ва олинган натижаларни профессионал талқин қилиш қобилиятини ҳам намоён этди.
Халқаро олимпиада якунига кўра, “MacroMiner MISIS” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Олмалиқ филиали талабаларининг халқаро танловдаги натижаси, аввало, таълим жараёнида назарий билимларни амалий вазифалар билан уйғунлаштириш муҳимлигини кўрсатади. Зеро, замонавий кончиликда геологик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашдан тортиб, коннинг рақамли моделини яратиш ва уни баҳолашгача бўлган жараёнларда рақамли технологияларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
“MacroMiner MISIS” жамоасининг ғолиблиги эса Миллий технологик тадқиқотлар университети “MISIS”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиалида кончилик соҳаси учун замонавий рақамли технологияларни ўзлаштирган мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатувчи муҳим натижалардан бири бўлди.
Бугун геология ва кончилик соҳасида рақамли технологияларни чуқур биладиган, геологик маълумотларни таҳлил қила оладиган ва мураккаб ишлаб чиқариш вазифаларини рақамли воситалар орқали ҳал этадиган мутахассисларга эҳтиёж ортиб бораётган бир шароитда, бундай халқаро майдонларда талабаларнинг иштироки улар учун ҳам назарий билимларни синаш, ҳам касбий тажрибани бойитишнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА