Яхши китоб – ҳаёт йўлларимизни ёритувчи машъала
Ижод аҳли, ўқишга, бадиий адабиётга муккасидан кетган юртдошларимиз борки, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), маънавиятимиз фидойиси, турли ижодий лойиҳаларнинг муаллифи бўлган Умида Тешабоевани «китоблар маликаси», деб атайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимизни китобхон миллатга айлантириш борасидаги умуммиллий ҳаракати ривожига Умида опа фаол ҳисса қўшиб келаётган пешқадам зиёлилардан. Зеро, мустақил ва озод, янгиланиш сари дадил одимлаётган юртни соғлом тафаккурсиз, бадиий баркамол китобларсиз, маърифат улашувчи кутубхоналарсиз ва энг асосийси, маърифатга умрини бағишлаган инсонларсиз тасаввур этиш мумкин эмас. “Китоблар маликаси” билан суҳбатимиз мамлакатимиздаги кутубхоначилик соҳасида эришилган ютуқлар, бадиий адабиёт тарғиботи хусусида бўлди.
– Умида опа, бугунги кунда аудио ва электрон китоблар, сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланмоқда. Миллий кутубхонага ёшларни жалб этиш ва анъанавий мутолаа маданиятини сақлаб қолиш учун қандай лойиҳалар ва интерфаол хизматлар жорий этилмоқда?
– Рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бугунги даврда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси анъанавий мутолаа маданиятини сақлаш ва ёшларни китобхонликка кенг жалб этишни ўзининг устувор вазифаларидан бири деб билади. Шу мақсадда анъанавий ва рақамли хизматларни уйғунлаштирган қатор замонавий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Аввало, китобхонлар учун электрон кутубхона, рақамлаштирилган нодир нашрлар, диссертациялар ва даврий нашрлар базалари йўлга қўйилган бўлиб, уларга масофадан туриб ҳам фойдаланиш имконияти яратилган. Бу ёшларнинг ахборот ресурсларига тезкор ва қулай киришини таъминлайди.
Шунингдек, Миллий кутубхонада ҳамда тизимдаги вилоят ахборот-кутубхоналарида китоб тақдимотлари, муаллифлар билан ижодий учрашувлар, китоб клублари, интеллектуал викториналар ва турли танловлар мунтазам ташкил этилмоқда. Бундай тадбирлар китобхонликни нафақат билим олиш воситаси, балки ижтимоий ва маданий мулоқот майдонига айлантиришга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга Миллий кутубхонада ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш мақсадида турли маданий-маърифий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Мутолаада шеърият” номли театрлаштирилган назм кечаси ташкил этилди. Ушбу тадбир орқали шеъриятни замонавий саҳна кўринишида тақдим этиш, ёшларда адабиётга қизиқишни ошириш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, китобхонларнинг турли эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда аудиокитоблар ва подкастлар тайёрланиб, улар орқали асарлар мазмуни, китоблар тавсияси ҳамда адабий-маърифий мавзулар кенг аудиторияга етказилмоқда. Бу эса вақт имконияти чекланган ёшлар ва рақамли форматни афзал кўрувчи китобхонлар учун қулай ахборот манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Ёшлар учун қулай рақамли муҳит яратиш мақсадида Миллий кутубхонанинг электрон каталоги, электрон кутубхонаси ҳамда рақамлаштирилган ресурсларидан интернет орқали фойдаланиш имкониятлари яратилган. Шунингдек, кутубхона ижтимоий тармоқларда фаол иш олиб бориб, китоб тавсиялари, видеороликлар, онлайн лойиҳалар ва маърифий контентлар орқали ёшлар аудиторияси билан доимий мулоқотни йўлга қўйган.
Яқин истиқболда эса Янги Тошкент шаҳрида барпо этилаётган янги Миллий кутубхона замонавий мультимедиа ва коворкинг ҳудудлари, рақамли лабораториялар, хорижий адабиёт ўқув заллари, интерактив таълим майдонлари ҳамда ёшлар учун инновацион хизматларни ўз ичига олган замонавий билим марказига айланади.

Биз технологияни китобнинг рақиби эмас, балки унинг имкониятларини кенгайтирувчи восита сифатида кўрамиз. Асосий мақсадимиз ёшларда китобхонлик маданиятини мустаҳкамлаш, танқидий фикрлашни ривожлантириш ва ҳаёт давомида билим олиш муҳитини шакллантиришдир.
– Миллий кутубхонада нодир манбаларни рақамлаштириш бўйича катта ишлар олиб борилди. Бироқ 30 мингга яқин нодир нашр ва қўлёзмалардан иборат катта фонднинг ҳаммасини электрон форматга ўтказиш осон эмас. Ҳозирда фонднинг неча фоизи тўлиқ рақамлаштирилган ва энг нозик қўлёзмаларни асрашда қандай технологиялардан фойдаланилмоқда?
– Ҳақиқатан ҳам, нодир қўлёзмалар ва нашрларни рақамлаштириш – бу шунчаки сканерлаш эмас, балки маданий меросни келажак авлодлар учун асраб қолишга оид узоқ муддатли ва масъулиятли жараён. Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Қўлёзмалар, ноёб ва алоҳида қийматга эга нашрлар фондида 20 минг нусхадан ортиқ манбалар сақланмоқда. Улардан мингга яқини қўлёзма ва тошбосмаларни ташкил этади. Ҳозирги вақтга қадар ушбу фонднинг 20 фоиздан ортиқ қисми рақамлаштирилди ва бу ишлар босқичма-босқич давом эттирилмоқда.

Рақамлаштириш жараёнида, аввало, жисмоний ҳолати оғир, вақт ўтиши билан емирилиш хавфи юқори бўлган ҳамда илмий ва тарихий аҳамияти катта бўлган манбаларга устувор аҳамият берилади. Энг нозик қўлёзмалар билан ишлашда китобга зарар етказмайдиган махсус планетар сканерлардан фойдаланилади. Бунда китоб тўлиқ очиб ёйилмайди, ёритиш даражаси меъёр асосида танланади ва контактсиз рақамлаштириш технологияси қўлланилади. Шунингдек, ҳарорат ва намлик меъёрларига қатъий риоя қилинган махсус сақлаш хоналари, муҳофаза қутилари ва реставрация усуллари орқали ушбу ноёб манбаларнинг узоқ муддат сақланиши таъминланади.
Миллий кутубхонанинг Рақамлаштириш маркази замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, турли форматдаги нашрлар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш имкониятига эга. Бизнинг асосий мақсадимиз ноёб ёзма меросимизни нафақат сақлаб қолиш, балки уни олимлар, тадқиқотчилар ва кенг жамоатчилик учун хавфсиз ва қулай рақамли шаклда тақдим этишдир.

– Ёшларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириш ва шахсий мотивацияни шакллантириш учун ҳар қандай ҳар бир ўзбек ёши мутлақ ўқиши шарт бўлган учта китобни тавсия эта оласизми?
– Мен аниқ бир китобни "ҳамма ўқиши шарт" ёки "бу китоб энг яхши" деб айта олмайман. Чунки китоб танлаш ҳар бир инсоннинг ёши, қизиқиши, ҳаётий тажрибаси ва дунёқарашига боғлиқ. Ҳар кимнинг диди ва эҳтиёжи турлича бўлади. Ёшларга шундай тавсия берган бўлардимки, мутолаада турли йўналишларни қамраб олишга ҳаракат қилиш керак. Масалан, миллий адабиётдан бир асар, жаҳон адабиётидан бир асар ва шахсий ривожланиш ёки тарихга оид бир китобни ўқиш инсоннинг фикрлаш доирасини кенгайтиради.
Энг муҳими, китобнинг машҳурлиги эмас, балки ўқувчи ундан қандай хулоса чиқариши ва уни ҳаётида қандай қўллай олишидир. Баъзан бир китоб бир инсоннинг ҳаётини ўзгартириши мумкин, бошқаси учун эса унчалик таъсирли бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун мен ёшларга аниқ учта китобни эмас, балки ўз қизиқишларига мос китобларни мунтазам ўқишни, турли жанрлар билан танишиб боришни ва ҳар бир китобдан ўзи учун фойдали ғоя олишга интилишни тавсия этаман. Ана шунда мутолаа инсоннинг фикрлаш доирасини кенгайтиради, мустақил фикрлаш ва шахсий мотивацияни шакллантиришга хизмат қилади.
Агар китоблар рўйхати бўлиши керак бўлса, севимли китобларим – "Бобурнома", Жек Лондоннинг "Мартин Иден", Асқад Мухторнинг "Чинор", Лев Толстой "Уруш ва тинчлик" ва Карл Юнг асарлари, Чингиз Айтматовнинг "Асрга татигулик кун" ва бошқа бадиий баркамол адабиётларни мутолаа этишни тавсия қилган бўлардим.
– Бугунги замонавий кутубхона ходими қандай кўникмаларга (ахборот технологиялари, психология, менежмент) эга бўлиши керак ва ушбу касб нуфузини ёшлар ўртасида янада ошириш учун нималар қилиш керак, Сизнингча?

– Дарҳақиқат, бугунги кунда кутубхоначи фақат китоб сақловчи ёки китоб берувчи мутахассис эмас. У ахборот технологияларини биладиган, таҳлил қила оладиган, мулоқот маданиятига эга, замонавий менежмент ва маркетинг асосларини тушунадиган кўп қиррали мутахассис бўлиши лозим.
Энг аввало, кутубхона ходими рақамли технологиялар, электрон каталоглар, маълумотлар базалари, сунъий интеллект воситалари ва ахборот хавфсизлиги бўйича билимларга эга бўлиши зарур. Шу билан бирга, китобхонлар билан самарали мулоқот қилиш, уларнинг эҳтиёжини англаш учун психология ва сервис маданияти муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳаларни амалга ошириш, жамоа билан ишлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда эса менежмент ва лидерлик кўникмалари алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ходимларнинг малакасини оширишга доимий эътибор қаратилади. Республика ва халқаро ўқув курслари, семинарлар, тренинглар ташкил этилади, хорижий тажрибалар ўрганилади ҳамда замонавий рақамли хизматларни жорий этиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Кутубхоначи касбининг нуфузини ёшлар ўртасида янада ошириш учун, аввало, кутубхонани инновацион ва ижодий муҳит сифатида намоён этиш муҳим. Бунинг учун талабалар ва ёш мутахассислар учун амалиёт дастурларини кенгайтириш, волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш, "Ёш кутубхоначилар" форуми, интеллектуал танловлар ва инновацион лойиҳаларни кўпайтириш зарур. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали кутубхоначиларнинг фаолиятини кенг ёритиш, уларнинг муваффақиятли тажрибаларини оммалаштириш ҳам касб нуфузини оширишга хизмат қилади.

Эндиликда кутубхона бу китоб сақланадиган жой эмас, балки билим, инновация ва ижтимоий мулоқот марказидир. Ана шундай марказларда фаолият юритадиган замонавий кутубхоначилар эса мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган мутахассислар ҳисобланади.
Яхши китоб инсоннинг ҳаёт йўлларини, қалбини машъалдек ёритувчи беназир воситадир. Шу сабабли бугун китобхонлик, кутубхоналар тизими, мутолаа маданияти давлатимиз раҳбарининг доимий ардоғида ва юксак эътиборида. Бундай шарафли ва эзгу саъй-ҳаракатлар равнақига ҳисса қўшиш ҳар бир зиёли инсоннинг бурчидир.
– Самимий суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.