Албания Президенти Ўзбекистоннинг илмий хазинасини кўздан кечирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилдилар.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган мазкур марказ ислом маданияти ва илм-фанининг олтин даврини ўзида жамлаган йирик илмий-маърифий платформадир. Бу ерда асралаётган ноёб манбалар ва қўлёзмалар, дунё цивилизацияси ривожига замин яратган фундаментал тадқиқотлар халқаро илмий жамоатчилик учун маёқ бўлиб хизмат қилади.
Яқинда ушбу мажмуа “Дунёнинг энг йирик ислом цивилизацияси музейи” сифатида “Гиннеснинг жаҳон рекордлари китоби”га киритилди. Бу эътироф марказнинг меъморий жиҳатдан муҳташамлиги ҳамда унинг глобал миқёсдаги аҳамиятини ҳам тасдиқлайди. Бино миллий меъморчилик мактаби анъаналари ва замонавий шаҳарсолик технологияларининг ноёб уйғунлиги намунасидир.
Албания Республикаси Президенти марказдаги “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ва “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс” деб номланган махсус экспозициялар билан батафсил таништирилди. Мазкур бўлимлар хронологик изчилликда тузилган бўлиб, улар заминимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани, фалсафаси ва маънавиятига қўшган ҳиссасини яққол кўрсатиб беради. Бугунги Учинчи Ренессанс ғояси мана шундай мустаҳкам тарихий пойдеворга таяниши олий мартабали меҳмонда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ташриф давомида Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврларига оид нодир қўлёзмалар ҳамда бетакрор тарихий экспонатлар кўздан кечирилди. Ушбу асарлар ва моддий маданият намуналари ўзбек давлатчилиги тарихи нафақат сиёсий, балки юксак интеллектуал қудрат устига қурилганининг жонли исботидир.
Олий мартабали меҳмон Ислом цивилизацияси марказининг “Фахрий меҳмонлар китоби”га ўз мулоҳазаларини битиб қолдирди.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Аслиддин АЛИЖОНОВ(сурат),
ЎзА