Ўзбекистон ҳозирги глобал беқарорлик шароитида ҳам барқарор ўсиш динамикасини намойиш этмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида нутқ сўзламоқда.
— 2026 йил мамлакатимиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Биз тизимли ислоҳотларнинг муҳим маррасига яқинлашмоқдамиз.
Бундан ўн йил олдин очиқлик, инклюзивлик ва прагматизмга таянган ҳолда, Янги Ўзбекистонни барпо этишни бошлаган эдик. Ўтган даврда узоқ муддатли ўсиш учун мустаҳкам асос – қулай ишбилармонлик муҳити, барқарор саноат базаси ва янги инфратузилма яратилди.
Иқтисодиётимиз ҳажми 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга ошди, жорий йил эса 8 фоиздан юқори ўсишни прогноз қилмоқдамиз.
Ислоҳотлар бошланганидан буён мамлакатимизга 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилинди, минглаб замонавий корхоналар ишга туширилди. Товар ва хизматлар экспорти қарийб 3 баробар ошди.
Ўзбекистон ҳатто ҳозирги глобал беқарорлик шароитида ҳам барқарор ўсиш динамикасини намойиш этмоқда. Иқтисодиётимиз янада кўп қиррали бўлиб бормоқда, ички бозор кенгаймоқда, замонавий технологиялар, инфратузилма ва сифатли иш ўринларига талаб ортмоқда, – деди Президентимиз.
ЎзА