Тараққиёт инсон манфаатига хизмат қилади
Хориж тажрибаси
Замонавий дунёда давлат бошқарувининг самарадорлиги нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки инсонларнинг турмуш сифати, яшаш муҳити ва ижтимоий ҳимоя даражаси билан ҳам баҳоланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Хитой Халқ Республикасида аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган шаҳарсозлик сиёсати ва ижтимоий дастурлар халқаро экспертлар диққатини тортаётган муҳим тажрибалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг турли йилларда шаҳарларни ривожлантириш, эски турар жой массивларини янгилаш ва аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга қаратилган ташаббуслари мамлакат тараққиётининг инсон манфаатларига асосланган моделини намоён этмоқда.
2000 йилда Фуцзянь вилояти губернатори сифатида Фучжоу шаҳридаги эски уй-жой ҳудудларига ташриф буюрган Си Цзиньпиннинг аҳоли яшаш шароитларини бевосита ўрганишга алоҳида аҳамият бергани бу борадаги ёндашувнинг дастлабки кўринишларидан бири бўлган эди. У давлат хизматчилари халқ ҳаётидаги муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиши, қабул қилинаётган қарорлар эса аввало инсон манфаатларига хизмат қилиши лозимлигини таъкидлаган.

Кейинги йилларда мазкур тамойил Хитойнинг шаҳарсозлик сиёсатида муҳим ўрин эгаллади. Хусусан, мамлакатнинг йирик шаҳарларида амалга оширилган реконструкция дастурлари доирасида миллионлаб инсонларнинг яшаш шароитлари яхшиланди, муҳандислик-коммуникация тармоқлари янгиланди, ижтимоий инфратузилма такомиллаштирилди.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Хитой тажрибасининг ўзига хос жиҳати, шаҳарларнинг ташқи қиёфасини ўзгартириш билан чекланиб қолмасдан, инсон учун қулай муҳит яратишни бош мақсад сифатида белгилаганида намоён бўлади. Бу эса иқтисодий тараққиёт билан ижтимоий масъулият ўртасидаги мувозанатни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ухань шаҳридаги Цинхэцзюй маҳалласи мисоли бунинг амалий тасдиғидир. Илгари эски саноат уй-жойлари жойлашган ҳудуд замонавий турар жой мажмуасига айлантирилиб, ўн минглаб аҳоли учун янги имкониятлар яратилди. Натижада фуқароларнинг ҳаёт сифати яхшиланиб, шаҳар муҳитининг жозибадорлиги ошди.
Си Цзиньпин томонидан илгари сурилаётган “инсон учун шаҳар” тамойили бугунги кунда Хитой шаҳарсозлик сиёсатининг асосий ғояларидан бири сифатида кўрилмоқда. Ушбу ёндашувга кўра, шаҳарлар фақат иқтисодий ўсиш маркази эмас, балки инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун хизмат қилувчи ижтимоий макон бўлиши лозим.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам инсон қадрини юксалтириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган мақсадлар мазкур йўналишдаги ишларга янги суръат бағишламоқда.
Шу боис Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари иқтисодиёт ва инвестициялар билан бир қаторда шаҳарсозлик, коммунал хўжалик, сув таъминоти, рақамли бошқарув ва “ақлли шаҳар” технологиялари соҳаларида ҳам янги имкониятларни юзага келтирмоқда.
Айниқса, аҳоли учун қулай ва барқарор шаҳар муҳитини яратиш, коммунал инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда давлат хизматлари самарадорлигини ошириш борасидаги тажриба алмашинуви икки мамлакат ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан бирига айланиб бормоқда.
Бугунги кунда дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий қиймати инсон ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан белгиланади. Шу маънода, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган сиёсат ва ташаббуслар давлат тараққиётининг энг муҳим мезонларидан бири бўлиб қолмоқда.
Инсон манфаатларини устувор қўйиш, шаҳарларни одамлар учун янада қулай ва хавфсиз масканга айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар эса замонавий бошқарувнинг муҳим белгиси сифатида аҳамият касб этмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА