Солиққа оид 375 миллиард сўмлик мурожаатлар судгача ҳал этилди
Мамлакатимизда солиқ соҳасида очиқлик ва адолат тамойилларини таъминлаш, тадбиркорлар ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида солиқ низоларини судгача ҳал этиш механизми босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда.
Бу эса ортиқча оворагарчиликларни қисқартириш, мурожаатларни тезкор ва қонуний кўриб чиқиш имконини бермоқда.
Солиқ қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, 2026 йил 1 май ҳолатида қўмитага жами 375,1 миллиард сўмлик 82 та солиқ низосига оид мурожаат келиб тушган.
Жумладан, 59 та мурожаат солиқ аудити натижалари юзасидан бўлиб, уларнинг умумий қиймати 294,4 миллиард сўмни ташкил этган. 23 та мурожаат эса сайёр солиқ текширувлари билан боғлиқ бўлиб, умумий сумма 80,7 миллиард сўмга тенг бўлган.
Ўрганишлар жараёнида айрим ҳолатларда солиқ тўловчиларнинг важлари инобатга олинган. Хусусан, 0,6 миллиард сўмлик 4 та мурожаат бўйича аризачиларнинг позицияси қисман қаноатлантирилган.
Шу билан бирга, 342,2 миллиард сўмлик 71 та мурожаат юзасидан солиқ хизмати органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ўз кучида қолдирилган. Мазкур мурожаатлар бўйича фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилгани таъкидланди.
Айни вақтда, умумий қиймати 32,3 миллиард сўмлик 7 та мурожаат атрофлича ўрганилмоқда. Мутахассислар томонидан ҳар бир ҳолат қонунчилик талаблари асосида таҳлил қилиниб, тегишли хулосалар тайёрланмоқда.
Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш амалиёти тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, давлат ва бизнес ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш ҳамда судларга тушадиган ортиқча юкламани камайтиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Шунингдек, мазкур механизм солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва соҳада шаффофликни таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА