“Ўзбекистон – 2030” стратегияси Польшада кенг жамоатчиликка тақдимот қилинди
Польшанинг Торунь шаҳрида “Ўзгариб бораётган дунёда ноаниқ келажакни шакллантириш: геосиёсий боғлиқликлар” мавзусида XIII Халқаро Осиё Конгресси бўлиб ўтди.
Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси “фахрий меҳмон” сифатида иштирок этди.
2014 йилдан буён анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур конгресс Марказий Европа ва Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги ташаббус ва таклифларни ишлаб чиқишга хизмат қилувчи муҳим халқаро майдон ҳисобланади.

Конгрессда Ўзбекистон, Хитой, Саудия Арабистони, Эрон, Малайзия, Филиппин, Индонезия, Туркия, Озарбайжон каби 30 дан ортиқ мамлакатдан дипломатлар, экспертлар, олимлар, тадбиркорлар ва давлат идоралари вакиллари қатнашди. Жумладан, Польша Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва савдо агентлиги (PAIH), “Польша–Осиё” савдо палатаси, Куявия-Померания воеводлиги маршал идораси ҳамда Торунь шаҳар мэрияси раҳбарияти, шунингдек, етакчи илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Польша расмийлари ва дипломатик корпус вакиллари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим ва ишончли ҳамкор сифатидаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.

Тадбир доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий ўсишининг таркибий трансформацияси” мавзусида чиқиш қилди. Унда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари, иқтисодиётни либераллаштириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳамда мамлакатда шакллантирилаётган қулай инвестиция муҳити ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, конгресс доирасида “Ўзбекистон маданияти кунлари” ташкил этилди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.
Унда миллий маданий меросимиз, тарихий анъаналаримиз, қадриятларимизни акс эттирувчи кўргазма ва фото галерея қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир якунида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Польшанинг Шарқ ва Африка бўйича илмий тадқиқотлар маркази ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА