Пара таэквондочиларимиз тантанали кутиб олинди
21–26 май кунлари Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида пара таэквондо бўйича Осиё чемпионати ҳамда “Аичи-Нагоя – 2026” Параосиё ўйинларига саралаш турнири бўлиб ўтди. Ушбу мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси умумий ҳисобда 7 та олтин, 9 та кумуш ва 9 та бронза, жами 25 та медални қўлга киритди.
Матонатли спортчиларимиз Ватанга ёруғ юз билан қайтиб келди. Уларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси мутасаддилари, мураббийлар, ОАВ вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари тантанали кутиб олди.
Улан-Батор шаҳри мезбонлигида ўтган бу галги қитъа биринчилигида 18 та мамлакатдан 100 нафардан ортиқ пара таэквондочи иштирок этди. Мусобақа якунларига кўра, терма жамоамиз 2 та олтин, 5 та кумуш ва 7 та бронза, жами 14 та медални қўлга киритди.

Мусобақада Асадбек Тоштемиров (+80 кг), Гулжаной Наимова (+65 кг) олтин, Муҳаммадсодиқ Усмонов (-58 кг), Қизлархон Исомиддинова (-47 кг), Каромат Рустамова (-52 кг), Розия Эргашева (-65 кг), Зулфия Бикбулатова (+65 кг) кумуш медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, Фаёзбек Валижонов (-58 кг), Қудрат Ҳайдаров (-63 кг), Зухриддин Тоҳиров (-63 кг), Жавоҳир Алиқулов (-70 кг), Қудратилло Суннатов (-70 кг), Умида Мамаражабова (-52 кг), Камола Расулова (-57 кг) бронза медаль билан тақдирланди.

“Аичи-Нагоя – 2026” Параосиё ўйинларига саралаш турнирида 20 та давлатдан 75 нафарга яқин спортчи қатнашди. Унда пара таэквондочиларимиз 5 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медалига эга чиқди.
Хусусан, Қудратилло Суннатов (-70 кг), Умаржон Мўйдинов (+80 кг), Умида Мамаражабова (-52 кг), Каромат Қосимова (-65 кг), Зулфия Бикбулатова (+65 кг) мусобақа ғолибига айланган бўлса, Муҳаммадсодиқ Усмонов (-58 кг), Қудрат Ҳайдаров (-63 кг), Мадина Мусинова (-47 кг), Карима Мелиқўзиева (-57 кг) кумуш, Отабек Аматов (-80 кг), Камола Расулова (-57 кг) бронза медалларини қўлга киритди.
Улан-Баторда қайд этилган натижалар терма жамоамизнинг халқаро майдондаги салоҳияти юксалиб бораётганини кўрсатди. Энди ҳамюртларимиз эътиборини Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро Гран-при мусобақасига қаратади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА