Путин ва Тоқаев ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича 12 ҳужжат имзолади
Остона шаҳрида Қозоғистон ва Россия Президентлари Қосим-Жомарт Тоқаев ва Владимир Путин ўртасида яккама-якка ҳамда кенгайтирилган тартибда музокаралар бўлиб ўтди.
Мулоқотлар давомида иқтисодий ҳамкорлик, энергетика хавфсизлиги, сиёсий алоқани мустаҳкамлаш ва ижтимоий-иқтисодий шериклик масалалари муҳокама қилинди. Ушбу ташриф икки мамлакат стратегик шериклиги ва иттифоқчилик муносабатини ривожлантириш, шунингдек Евросиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун беқиёс аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми қарийб 29 миллиард долларга етгани, Қозоғистонда Россия капитали иштирокида 3500 қўшма корхона, 17 000 дан кўп компания фаолият юритаётгани қайд этилди.
Учрашув якунида Тоқаев ва Путин Дўстлик ва яхши қўшничиликнинг етти пойдевори тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди.
Давлат раҳбарлари иштирокида жами ўн икки ҳужжат имзоланди. Битимлар нефть саноатида ҳамкорликни кенгайтириш, Қозоғистонда атом электр станцияси қуришнинг асосий тамойили, транспорт ва темир йўлларда рақамлаштириш, ядровий, радиация ва санитария-эпидемиология хавфсизлиги соҳаларидаги ҳамкорлик меморандумлари ва бошқа турли режалар назарда тутилган.
Бундан ташқари оммавий ахборот воситалари йўналишида шериклик ҳужжатлари, шунингдек Евросиё Миллий университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси ўртасида ҳам ҳужжат имзоланди.
С.Раҳимов, ЎзА