Контент медиа маркази ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиликлар, тиббий хизматлар ва давлат сиёсатини жамоатчиликка холис ва тезкор етказиш, шунингдек, жамоатчилик фикр-мулоҳазаларини тизимли равишда йиғиш ҳамда таҳлил қилиш ва ахборот сиёсатини самарали ташкил қилиш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклида Контент медиа маркази ташкил этилади.
Контент медиа маркази фаолияти ҳудудий ва республика даражасидаги тиббиёт муассасалари томонидан пулли асосда кўрсатилган тиббий хизматлар учун тушумлар миқдорининг бир фоизи миқдорида қўшимча ажратиладиган ажратмалар, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, хўжалик фаолиятидан тушадиган тушумлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарув ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади. Бунда:
а) вазирликнинг марказий аппарати ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг марказий аппарати ходимлари;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари ходимлари;
в) туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари;
г) Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари;
д) Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази ходимларига Ижтимоий сиёсат лабораторияси ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва иш ҳақи миқдорлари қўлланади.
Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларни, шу жумладан, тиббий ёрдамни ташкил этиш билан боғлиқ хизматларни назорат қилувчи ваколатли орган ҳисобланади.
Клиник аудит инспекцияси бошлиғи соғлиқни сақлаш вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
"Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази" лойиҳа офиси давлат муассасасининг фаолияти тугатилади. Бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур лойиҳа офисига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришга оид ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аутсорсинг асосида қуйидаги фаолият турларини йўлга қўяди:
а) аҳоли мурожаатлари, шикоятлари, таклифлари ва эътирозларини қабул қилиш, уларни тезкор кўриб чиқиш ҳамда тегишли ташкилотларга йўналтиришни таъминлаш мақсадида "Са11-марказ";
б) аҳоли ва тиббиёт ходимлари билан тизимли мулоқотни таъминлаш, тиббий хизматлар сифати, оммабоплиги ва мавжуд муаммолар юзасидан тезкор ахборот олиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида қайта алоқа тизими (Feedback).
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб тиббиёт ассоциацияларига қуйидаги ваколатлар берилади:
а) тиббий ёрдам кўрсатишни стандартлаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни муҳокама қилишда иштирок этиш ва қайта кўриб чиқиш;
б) Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг таклифига кўра стационар тиббиёт ташкилотларининг тиббий хизмат кўрсатиш сифатини баҳолашда иштирок этиш;
в) тиббиёт ходимларининг малакасини баҳолаш, сертификатлаш ҳамда қайта тайёрлаш жараёнларида мустақил профессионал эксперт сифатида иштирок этиш;
г) тиббий хизматлар сифати бўйича мустақил аудит ўтказиш, жамоатчилик ва беморлар қониқиш даражасини ўрганишни ташкил этиш;
д) соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича таклифларни киритиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чивишда иштирок этиш.
ЎзА