Олимпия шаҳарчаси Ўзбекистон спорти ривожига хизмат қилади (+видео)
Бугунги кунда мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантириш, ёш авлодни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш ҳамда халқаро стандартларга жавоб берадиган инфратузилмани шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу йўналишда амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири Олимпия шаҳарчаси барпо этиш ишларидир. Ушбу улкан иншоот нафақат спорт мусобақаларини юқори даражада ўтказиш, балки спортчилар учун замонавий тайёргарлик базасини яратиш, мураббийлар ва мутахассислар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишни ҳам кўзда тутади.
Олимпия шаҳарчаси бир неча йирик спорт ва инфратузилма комплексларидан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳар бири халқаро талабларга мос равишда лойиҳалаштирилган. Мазкур комплекслар таркибида йирик спорт ареналари, ёпиқ ва очиқ машғулот майдонлари, спортчилар учун замонавий ётоқхоналар, тиббий-реабилитация марказлари ҳамда маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари мавжуд. Ҳозирги кунда қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда, айрим объектларда ички муҳандислик ишлари ва жиҳозлаш босқичлари амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг амалга оширилишида Хитой билан стратегик ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Қурилиш жараёнларида Хитойнинг йирик муҳандислик ва қурилиш компаниялари иштирок этиб, замонавий технологиялар, энергия тежамкор ечимлар ҳамда юқори халқаро стандартларни амалда қўлламоқда. Бу эса иншоотларнинг мустаҳкамлиги, хавфсизлиги ва узоқ муддат хизмат қилишига замин яратади.
– Мазкур замонавий мажмуанинг 2022 йил 9 ноябрь куни қурилиши бошланиб, қисқа вақт ичида бунёд этилди, – дейди Олимпия шаҳарчаси директор ўринбосари Босит Муллахонов. – Лойиҳа умумий қиймати қарийб 290 миллион АҚШ долларини ташкил этади ва 100 гектардан ортиқ ҳудудни эгаллайди. Олимпия шаҳарчаси қурилиш ишларини Хитойнинг йирик компанияси – CAMC Engineering амалга оширди. Ушбу компания халқаро стандартлар асосида иш олиб бориб, дунё бўйлаб кўплаб спорт иншоотларини барпо этган тажрибага эга. Жумладан, Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш маҳсулотлари – мустаҳкам металлоконструкциялар, энергия тежамкор фасад панеллари ва инновацион изоляция материаллари кенг қўлланилди.
Мажмуада энергия самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилиб, қуёш панеллари каби илғор технологиялар жорий этилган.
Шунингдек, айни вақтда Олимпия шаҳарчаси ҳудудида айрим спорт иншоотларида халқаро ва маҳаллий мусобақалар ҳам ўтказиб келинмоқда. Бу эса мажмуа босқичма-босқич фойдаланишга топширилаётганини ва унинг салоҳияти амалда синовдан ўтаётганини англатади. Ташкил этилаётган мусобақалар юқори даражада ўтиб, спортчилар ва мураббийлар учун қулай шарт-шароитлар яратилгани билан аҳамиятлидир.
– Ҳозирда Олимпия шаҳарчаси мамлакатимиз спорт ҳаётининг энг фаол нуқталаридан бирига айланган, – дейди Олимпия шаҳарчаси директор ўринбосари Босит Муллахонов. – Эътиборлиси, айнан шу замонавий база спортчиларимизга юқори натижаларга эришиш, дунё рейтингларида муносиб ўринларни эгаллаш имконини бермоқда. Энг муҳими, Олимпия шаҳарчаси бугунги кунда ҳам бирор кун бўш тургани йўқ. Бу ерда доимий равишда тайёргарлик жараёнлари, мусобақалар ва спорт тадбирлари давом этмоқда. Бу эса яратилган инфратузилманинг нақадар самарали ишлаётганини яққол кўрсатади. Яқин истиқболда эса янада йирик спорт тадбирлари режалаштирилган. Жорий йилнинг куз ойларида, хусусан, октябрь-ноябрь ойларида “Президент олимпиадаси” мусобақаларини ўтказиш кўзда тутилган. Мазкур мусобақа нафақат мамлакатимизда, балки халқаро спорт майдонида ҳам катта қизиқиш уйғотиши кутилмоқда. Албатта, бундай йирик мусобақаларни ўтказиш мамлакатимизда спортни янада ривожлантириш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва янги чемпионларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, Олимпия шаҳарчаси бу нафақат спорт иншооти, балки стратегик аҳамиятга эга улкан миллий лойиҳадир. У орқали мамлакатимизда спорт соҳаси янги босқичга кўтарилиши, ёшлар учун кенг имкониятлар яратилиши ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги ўрни янада мустаҳкамланиши кутилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/K0PE3vsO7-Q" title="Olimpiya shaharchasi O`zbekiston sporti rivojiga xizmat qiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нилуфар Бозорова, Нишонбой Абдувоитов (видео) ЎзА