Ота-онаси дуоси билан барака топган тадбиркор: Жаҳонгир Ҳасанов тарихи
Навоий вилояти, Кармана туманида истиқомат қилувчи Жаҳонгир Ҳасанов бугунги кунда ўз меҳнати, қатъияти ва интилиши билан кўпчиликка намуна бўлаётган тадбиркорлардан бири.
У экскаватор соҳасидаги фаолиятини уч йил аввал бошлаган бўлиб, қисқа вақт ичида сезиларли натижаларга эришди. Жаҳонгир Ҳасанов ушбу йўналишдаги илк ойидаёқ 100 миллион сўм даромад топишга муваффақ бўлган. Бу эса унинг келгуси фаолияти учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтади.
Дастлабки катта натижадан сўнг у экскаваторлик фаолиятига янада жиддий ёндашиб, соҳада ўз ўрнини мустаҳкамлашга киришди. Тинимсиз меҳнат, тажриба ва оқилона қарорлар натижасида бугунги кунда унинг учта махсус техникаси мавжуд.
Ҳозирда Жаҳонгир Ҳасанов Ғазғон шаҳарчаси яқинида қурилаётган янги қуёш электр станцияси лойиҳасида самарали фаолият олиб бормоқда. Бу каби йирик қурилиш жараёнларида иштирок этиши унинг соҳадаги салоҳияти ва ишончли мутахассис сифатида шаклланганини кўрсатади.
Қаҳрамонимиз ўз фаолиятидаги барака ва ютуқларнинг асосий сабабларидан бири сифатида ота-онаси дуосини алоҳида таъкидлайди. Унинг фикрича, инсон ҳаётидаги ривож, барака ва муваффақият ортида аввало ота-она розилиги туради.
32 ёшида Жаҳонгир Ҳасанов ўз меҳнати орқали нафақат шахсий муваффақиятга, балки бошқалар учун ҳам ибрат бўлаётган тадбиркор сифатида фаолият юритмоқда. Унинг ҳаёт йўли қатъият, меҳнатсеварлик ва оилавий қадриятлар уйғунлиги орқали катта натижаларга эришиш мумкинлигини яққол намоён этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ifr17wRczZ0" title="Ota-onasi duosi bilan baraka topgan tadbirkor: Jahongir Hasanov tarixi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тоҳир Турсунов, ЎзА