БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йилда 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни деб эълон қилинган
3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом МИРЗО билан айни шу халқаро сананинг тарихи, моҳияти ва аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.
- 1991 йил 3 май куни Намибияда Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Виндхук декларацияси қабул қилинган, – дейди Ғ.Мирзо. – Мазкур декларацияда баён этилган матбуот эркинлигини таъминлашга доир талаблар мазкур халқаро сананинг таъсис этилишига туртки бўлган.
Бундан кўзланган асосий мақсад – ахборот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, дунёнинг барча минтақаларида ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, журналистлар эркинлиги ва мустақиллигига тажовузларнинг олдини олиш, касбий бурчини бажараётганда ҳалок бўлган журналистларни ёд этиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Зеро, бу кун ҳар бир инсон матбуотдан, оммавий ахборот воситаларидан фақат ишончли маълумот олиш ҳуқуқига эга эканлигини ёдга солади.
Бу санада ЮНЕСКО эркин матбуот ривожига энг катта ҳисса қўшган шахсларга мукофот тақдим этади. Ушбу фахрий мукофот журналистларга ҳам, уларнинг мухлисларига ҳам топширилиши мумкин.
Бинобарин, 3 май – матбуот тақдирига бефарқ бўлмаган, фақат ишончли маълумотларни олишни хоҳлайдиган ва жамоатчиликка ҳақиқатни етказадиган одамлар меҳнатини қадрлайдиган барчанинг байрамидир.
– Матбуот эркинлигининг моҳияти ва аҳамияти нимада?
– Матбуот эркинлиги демократия ва адолатнинг тамал тошидир. Аммо, ҳозирги кунда бутун дунёда матбуот эркинлиги турли тажовузларга дучор бўлмоқда. Ёлғон ахборот (дезинформация) ва нафрат тили таъсирида далиллар ва уйдирмалар, илм-фан ва фитна (конспирология) назариялари ўртасидаги чегаралар йўқолиб бормоқда. Шунингдек, журналистлар пўписа, таъқиб ва зўравонликларга учрамоқда.
Шу нуқтаи назардан, ЮНЕСКО томонидан дунёнинг ўнлаб мамлакатларида журналистларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича тренинглар ўтказилаётир. Бу борада бир қанча халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро прокурорлар ассоциацияси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Шунга қарамай, бу галги халқаро сана бир қадар ташвиш ва хавотирлар билан кутиб олинмоқда, назаримизда. Зеро, «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) халқаро ташкилоти эълон қилган янги ҳисоботга кўра, дунёда матбуот эркинлиги сурункали равишда ёмонлашиб бормоқда ва бу тенденция халқаро ҳамжамият учун жиддий хавф сифатида баҳоланмоқда.
– Ушбу ҳисоботнинг маъно-мазмунини қисқача шарҳлаб берсангиз.
– Жорий йилда, RSF ҳисоботига қараганда, дунёда матбуот эркинлиги сўнгги 25 йилдаги энг ёмон ҳолатга тушган. Индекс муаллифлари маълум қилишича, мамлакатларнинг ўртача рейтинги тарихий минимумга яқинлашган.
Ҳисоботда таъкидланишича, дунё мамлакатларининг 52,2 фоизида вазият «мураккаб» ёки «жуда мураккаб» деб баҳоланган. Ташкилот журналистларга нисбатан жиноий таъқиблар, миллий хавфсизлик қонунларининг суиистеъмол қилиниши, суд орқали босим ўтказиш ва журналистик текширувларга тўсиқлар кучайиб бораётганини қайд этган.
Ҳисоботга кўра, журналистлар учун энг хавфли ҳудудлар сифатида Шарқий Европа ва Яқин Шарқ кўрсатилган. Шу билан бирга, Ғазо секторида 2023 йил октябридан бери 220 дан ортиқ журналист ҳалок бўлгани қайд этилган. Улардан камида 70 нафари ўз касбий фаолиятини бажараётган пайтда ўлдирилгани айтилмоқда.
Ҳисоботда ҳуқуқий муҳитнинг ёмонлашгани алоҳида қайд этилган. Бу кўрсаткич 60 фоиздан ортиқ мамлакатда пасайган.
– Ҳисоботда Ўзбекистон ҳақида қандай маълумотлар бор?
– RSF халқаро ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятга 100 баллдан 35,24 балл берилган бўлиб, бу – ўтган йилгидан бироз камроқ кўрсаткич. Айни чоғда, Ўзбекистон янги рейтингда ўрнини бир поғонага яхшилаган ва 147-ўринни эгаллаган.
Бошқача айтганда, мазкур рейтингда АҚШ 64-ўринга тушиб, сўнгги йилда 7 позицияга пасайган ва Россиянинг бу борадаги кўрсаткичлари сўнгги бир йилда яна пасайиб, 172-ўринга тушган бир шароитда Ўзбекистон бир поғонага кўтарилган.
– Бунинг замирида қандай омиллар мужассам, деб ўйлайсиз?
– Аввало, ўзингиз гувоҳ бўлиб турганингиздек, дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ҳолати билан боғлиқ юқоридаги каби танқидий-таҳлилий маълумотлар мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида очиқ эълон қилинмоқда. Қолаверса, айни мавзу жамоатчилик томонидан эмин-эркин муҳокама этилмоқда.
Яна бир муҳим омил шуки, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари қатори матбуот эркинлигини таъминлаш борасида ҳам изчил ва қамровдор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Жаҳон матбуот эркинлиги кунини белгилашга асос бўлган Виндхук декларацияси қоидаларига ҳам таянилаётгани табиийдир.
Виндхук декларациясининг 1-бандида қайд этилишича, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ мустақил, плюралистик ва эркин матбуотни таъсис этиш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтириш миллат демократиясини ва иқтисодий тараққиётини ривожлантириш ҳамда рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этади”.
Бизнинг бу борадаги ёндашувимиз ҳам айнан шундай. Яъни, сўз ва матбуот эркинлиги – Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишидир.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби”.
– Виндхук декларациясининг 2-бандидаги: “Мустақил матбуот, деганда – биз давлатдан, сиёсий ва иқтисодий назоратдан, газеталар, журналлар ва даврий нашрлар ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун зарур материаллар ҳамда инфратузилмалар устидан назорат ўрнатилишидан мустақил бўлган матбуотни тушунамиз”, деган норма мамлакатимиз ҳаётида қандай татбиқ этилмоқда?
– Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Виндхук декларациясида тилга олинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида тўла ўз аксини топганини таъкидлаш лозим.
Кейинги даврда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилди.
Конституцияда учта йўналишда: биринчидан, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини кенгайтириш; иккинчидан, оммавий ахборот воситалари эркинлигини янада мустаҳкамлаш; учинчидан, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом тақдим этилиши тимсолида сўз эркинлиги ҳар томонлама кафолатланди.
Эндиликда янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасига мувофиқ: “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.
Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.
Эътибор беринг: янги нормалар билан ҳар бир шахснинг Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи эътироф этилган. Мазкур ҳуқуқнинг таъминланиши учун бевосита давлатнинг ўзи шарт-шароитлар яратиши аниқ белгиланди.
Бинобарин, Интернет нафақат алоқа воситаси, балки виртуал муҳитга ҳам айланиб бораётган, кўплаб тушунча ва хизматлар “реал” заминдан жадал тарзда “виртуал” ҳаётга кўчаётган бугунги давр айни шундай илғор ёндашувни тақозо этмоқда. Ҳозирги кунда Интернетни тақиқлаш ва чеклаш нафақат нотўғри, балки мантиқсиз ҳамдир.
Нега деганда, бугун одамлар ишини, ўқишини, ҳоббиларини, турли товар ва хизматлар логистикасини, қолаверса, давлат хизматларини ҳам Интернетга кўчиряпти. Бу, ўз навбатида, Конституция ва қонунларни замонга ҳамнафас тарзда ўзгартиришни талаб қилмоқда.
– Оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари қандай таъминланмоқда?
– Асосий қонунда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланган.
Конституциянинг “Оммавий ахборот воситалари” деб номланган ХV бобидаги иккита моддада оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги давлат томонидан кафолатланган. Хусусан, 81-моддага кўра: “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар. Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир”.
Айни шу конституциявий нормалардан кўзланган мақсад – оммавий ахборот воситалари учун энг қулай шарт-шароитлар яратишга, давлат ва жамият ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган конституциявий асосларни шакллантиришдир.
Ўз навбатида, янги таҳрирдаги Конституциянинг 82-моддасига кўра, цензурага йўл қўйилмайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Цензуранинг тақиқланишига оид норма Конституцияда олдин ҳам бор эди. Айни чоғда, кейинги норма муҳим янгилик бўлиб, оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият юритиши учун таъсирчан ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.
Бу нормалар оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг эмин-эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди ҳамда жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитининг ривожланишига шароит яратади.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда ошкоралик ва сўз эркинлиги – давр талабидир. Бинобарин, Виндхук декларациясининг 5-бандида қайд этилганидек, “Демократияга ва ахборот ҳамда фикрни ифодалаш эркинлигига дунё миқёсида интилиш инсоният орзу-ниятларининг ижобати йўлида муҳим улуш ҳисобланади”.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова суҳбатлашди