Хоразмда Ўзбекистон – Франция халқаро форуми бўлиб ўтди
Урганч давлат тиббиёт институтида клиник психология, нейропсихология ва психомотор терапия мавзусига бағишланган нуфузли Ўзбекистон-Франция халқаро форуми бўлиб ўтди.
Анжуман клиник психология, нейропсихология ва психомотор терапия соҳасидаги долзарб муаммоларга бағишланган. Унда икки давлатнинг етакчи олимлари соҳадаги энг сўнгги инновациялар ва замонавий даволаш методлари бўйича ўзаро тажриба алмашди.
Тадбирда Франция ва Россия давлатларидан келган ҳамда мамлакатимизнинг профессор-олимлари, шунингдек, Европа, АҚШ, Туркия, Балтика ва МДҲ давлатларидан ташриф буюрган етук мутахассислар ўзларининг фундаментал тадқиқотлари ва клиник кузатувлари билан ўртоқлашиб, долзарб мавзуларда маърузалар ўқилди.

– Мазкур форум соғлиқни сақлаш тизимини малакали клиник психолог кадрлар билан таъминлаш, ушбу йўналишни давлат дастурларига киритиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган, – дейди Урганч давлат тиббиёт институти ректори Рашид Рўзибоев. – Ушбу форум илмий-амалий тажриба алмашиш, замонавий ёндашувларни жорий этиш ва тиббиёт соҳасида ахборот алмашинувини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро форум давомида амалий кўникмаларни оширишга қаратилган маҳорат дарслари ташкил этилиб, талабалар ва шифокорлар иштирокида самарали давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, Амалий маҳорат дарслари ва клиник кейс таҳлиллари ёш мутахассислар учун профессионал ўсиш имкониятини тақдим этди.

Ушбу халқаро мулоқот нафақат назарий билимларни бойитишга, балки минтақада психомотор реабилитация тизимини замон талаблари асосида ривожлантиришга хизмат қилади.
– Бизнинг асосий мақсадимиз психомоторикани Ўзбекистонда ривожлантириш, – дейди франциялик профессор-шифокор Жерард Эрмант. – Чунки, бу соҳа янги ва бу ерда мутахассислар сони етарлича эмас. Шу сабабли ҳамкорлик қилиш учун Ўзбекистонни танладик. Анжуманда эллик йиллик ҳамкорлик шартномасини имзоладик. Ўзбекистонда кексаларда нейрогенератив касалликлар ривожланиши ва чақалоқларда клиник психологик тиббий кўрикларга эҳтиёж сезиляпти. Ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши бу муаммоларни бартараф этишга ҳамда икки давлат профессор-шифокорлари ва тажрибали психологлари билан тажриба алмашишга хизмат қилади.

Умуман олганда, мазкур анжуман тиббиёт ҳамжамиятини бирлаштириб, замонавий даволаш методикаларини амалиётга татбиқ этишда янги босқични бошлаб берди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА