Ўзбекистон ва Кипр: академик алмашинув соҳаларида ҳамкорлик кенгайтирилади
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Кипр Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кипрос Йоргаллис билан учрашди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Кипр ўртасидаги икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантириш, парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш, шунингдек, таълим, илм-фан, таҳлил марказлари ва академик алмашинув соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар олий таълим муассасалари ўртасидаги институционал ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, Erasmus+ каби Европа академик дастурлари доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқди.
Парламентлараро, таълим ва илмий соҳалардаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА