Остона саммити: сув, хавфсизлик ва “яшил” келажак сари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Остона шаҳрига амалга оширган ташрифи Марказий Осиёда экология муаммоларини ҳал этиш борасидаги сиёсий фаоллик янги босқичга ўтганини кўрсатди. Энди гап фақат муҳокама эмас, балки амалий ечим, аниқ механизм ҳақида кетмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Ёш шарқшунос дипломатлар” интеллектуал клуби аъзоси Ҳумоюнмирзо Ҳусанов саммитда асосий эътибор сув ресурсларига қаратилганини таъкидлайди. Зеро, минтақадаги экология муаммоларининг аксари айнан сув танқислиги билан боғлиқ. Давлатимиз етакчиси таъкидлаганидек, 2040 йилга бориб Орол денгизи ҳавзасида сув етишмовчилиги йилига 20 миллиард куб метрга етиши мумкин. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика ва ижтимоий барқарорлик учун ҳам жиддий таҳдиддир.
Сувдан самарасиз фойдаланиш муаммони янада кучайтиряпти. Ҳозир минтақа давлатлари қишлоқ хўжалигида 1 долларлик маҳсулот яратиш учун қарийб 3 куб метр сув сарфлаяпти. Бу жаҳон ўртача кўрсаткичидан икки баробар юқори.
Президент Эмомали Раҳмон маълум қилишича, Тожикистонда 14 000 музликдан 1300 га яқини аллақачон йўқолган. Келгусида сув манбаси яна қисқаради. Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев эса Каспий денгизи ҳолатига эътибор қаратиб, денгиз экотизими хавф остида экани ва шу боис ҳудудда ҳарбий фаолиятни чеклаш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Каспий бўйича илмий-тадқиқот институти ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Бу чиқишлар бир нарсани аниқ кўрсатди: экология муаммоси алоҳида эмас, балки ўзаро боғлиқ хавф тизимига айланган.
Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев экология муаммоларини бартараф этишда минтақавий бирдамлик зарурлигига урғу бериб, 8 та аниқ таклиф берди: “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” консорциуми, чўлланиш марказига минтақавий мақом бериш, “Марказий Осиё яшил савдо йўлаги”, иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфели, атроф-муҳит ўзгаришининг минтақавий атласи, “Марказий Осиё Қизил китоби”, 2027 йил Ўзбекистонда Жаҳон ёшлар иқлим форуми ҳамда Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманларга таклиф.
Келишувга кўра, Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик Ўзбекистонга ўтди. Шу муносабат билан 6 устувор вазифа белгиланди:
– жамғарма фаолиятини такомиллаштириш;
– қарорларни минтақавий формат билан уйғунлаштириш;
– лойиҳалар самарадорлигини аниқ кўрсаткич асосида баҳолаш;
– БМТ траст фонди имкониятидан унумли фойдаланиш;
– минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш;
– “Келажак суви” дастурини ишга тушириш.
Қолаверса, 2026-2036 йилларни “сувдан оқилона фойдаланиш ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Остона саммити Марказий Осиёда экология муаммоси энди фақат табиат эмас, балки хавфсизлик ва тараққиёт билан боғлиқ масалага айланганини очиқ кўрсатди. Илгари сурилган ташаббуслар изчил амалга оширилса, минтақа сув ва экология борасидаги хавфни юмшатиш имконига эга бўлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА