Термизда китобхон ўғил-қизлар беллашди
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида “KITOBXON KIDS” танловининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг қуйи босқичларида саралаб олинган 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган китобхон иқтидорли болалар иштирок этди.

Китоб – инсоннинг энг содиқ дўсти, яқин маслакдоши. Бу дўстлик, сирдошлик ёш танламайди, дилга озор бермайди. Аксинча, қалбларга қувонч улашиб, ҳаёт пиллапояларида тўғри йўлга етаклайди. Ёш авлоднинг тафаккурини юксалтириб, мушоҳада қилишга, мулоҳаза юритишга ундайди.

Қизғин беллашувга бой бўлган танловда ҳам болаликдан китобга меҳр қўйган ўғил-қизлар бадиий асарларнинг чинакам дўст ва яқин маслакдош эканини кўрсата олди. Мутолаа қилган бадиий асарлари юзасидан савол-жавобларга атрофлича жавоб берди. Асар мазмунини таҳлил қилиб, қаҳрамонлар образини очиб беришга интилди. Тезкор фикрлаш, мушоҳада юритиш йўналишида ҳам ўз билим ва салоҳиятини намойиш этди.

Болажонларнинг китобга қизиқишини ошириб, уларнинг дунёқараши ва тафаккурини кенгайтириш, бўш вақтларини сермазмун ўтказишга хизмат қиладиган лойиҳа доирасида ўтказилган танлов якунида энг зукко, билимдон китобхон ўғил-қизлар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири