Автотранспортдаги гиёҳванд модда
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани ҳудудида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш мақсадида тезкор-қидирув тадбири ўтказилди.
Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда олдиндан кузатувга олинган шахс томонидан бошқарилаётган автотранспорт воситаси “Тошкент-Хоразм” йўналишида А-380 йўлининг Тупроққалъа тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Текширув жараёнида автомобилнинг “ҳужжатлар қутиси” қисмида тароқ ичига яширилган шубҳали буюм аниқланди.
Натижада икки дона полиэтилен пакетда ўткир ҳидли, жигар рангли гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда борлиги фош бўлди. Экспертиза хулосасига кўра ушбу модданинг соф оғирлиги 16,94 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси эканлиги тасдиқланди.
Ушбу ҳолат бўйича ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.