ТУРКСОЙ: Андижон тақдимотига бағишланган тантанали маросим ўтказилди
Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ Доимий кенгашининг 42-йиғилиши қарорига кўра Андижон – 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилинган. Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган ТУРКСОЙ бош қароргоҳида бу борадаги тадбирларнинг дастлабкиси – Андижон тақдимотига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.
ТУРКСОЙ Бош котибияти, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ТУРКСOЙ бoш кoтиби Султoн Раев, Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров, Андижон вилояти ҳокимлиги котибият мудири Элёр Холмирзаев, шунингдек, давлат ва жамoат ташкилoтлари, парламент ва диплoматик кoрпус вакиллари қатнашди.

Маросим аввалида Андижонга бағишланган видеоролик намойиш қилинди. Унда вилоятнинг тарихий аҳамияти, миллий маданиятимиз ривожидаги ва туркий дунёдаги ўрни, сўнгги йилларда ҳудудда рўй бераётган улкан ижобий ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилинган. Жорий йилда Андижонда ташкил этилиши режалаштирилаётган тадбирлар ҳақидаги видеоролик ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг “Андижон – 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” логотипининг тақдимоти ўтказилиб, расмий доира вакилларига сўз берилди.

Султон Раев 2026 йил давомида Андижон туркий дунёнинг “юраги уриб турадиган” жой бўлишига алоҳида урғу берди. Бу жараёнда ташкил этиладиган тадбирлар қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров Андижоннинг 2026 йилда “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилиниши нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий дунё учун шараф ва қувонч манбаи эканини таъкидлаб, жорий йилда бўладиган тадбирларда барчани фаол иштирок этишга чорлади.

–ТУРКСОЙ – минг йиллик тарихимизнинг беқиёс билим ва тажрибасини, ундан озиқланиб шаклланган, ривожланиб бойиган маданиятимизни асраб-авайлаш, дунёдаги нуфузини ошириш йўлида, мана 33 йилдирки, саъй-ҳаракатларни давом эттириб келмоқда. “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” лойиҳасига ҳам айнан шу нуқтаи назардан қараш, унинг қадр-қиммати ва аҳамиятини шу тариқа англаш муҳим. Зеро, ушбу дастур 14 йилдан буён туркий оламнинг маданий меросини тарғиб қилиш, шаҳарлар ўртасидаги маданий ва бадиий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида изчиллик билан юритиб келинмоқда. Эндиликда бу шарафли байроқ Андижонга топширилди. Андижон – илм-фан, санъат ва давлатчилик анъаналари асрлар давомида шаклланган бетакрор диёрдир. Бу қадимий шаҳар буюк давлат арбоби ва мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган замин сифатида туркий дунё ва жаҳон тарихига ўз номини ўчмас излар билан муҳрлаган, – Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой.

Андижон вилояти ҳокимлиги котибият мудири Элёр Холмирзаев қадимий цивилизациялар маскани бўлган Андижоннинг шундай шарафли номга эга бўлганидан барча андижонликлар ғурур туйишини, бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудлари қатори Андижон ҳам жадал ривожланиб бораётганини қайд этди. “Маданият пойтахти” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар орқали вилоят, бутун Ўзбекистоннинг анъана ва қадриятларини дунё миқёсида кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшишларини билдирди.
Меҳмонлар ТУРКСОЙ Бош котибияти биносида ташкил этилган Андижоннинг бой маданий қиёфасини акс эттирувчи амалий санъат ва фотосуратлар кўргазмаси билан танишди. Кўргазмага қўйилган Андижонга хос каштачилик, мисгарлик, пичоқсозлик маҳсулотлари, сопол буюмлар ва суратлар барчада катта қизиқиш уйғотди.
Андижондан келган санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди. Ўзбекона қўшиқлар, куй ва рақслар иштирокчиларга ҳаяжонли лаҳзаларни тақдим этди.
Халқимизга хос анъанага кўра тадбир сўнгида барча иштирокчиларга андижонлик ошпазлар томонидан тайёрланган палов тортиқ қилинди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА