Гулханий номли кўчага ким эътибор беради?
Сурхондарёнинг кўпчилик туманларида ободончилик, ички йўлларни таъмирлаш, қишлоқларда аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш учун шароит яратишга эътибор аввалги йиллардагига қараганда кучайганидан хурсанд бўлиш керак. Булар - кейинги йиллардаги ислоҳотлар самараси.
Лекин баъзи туманларда бу каби ишлар кўнгилдагидек эмаслиги кишини ташвишга солади. Мисол учун, Истара маҳалласидаги йўлларнинг аксарият қисми қишда лой, ёзда чанг. Айниқса Гулханий номли кўча жуда ўйдим-чуқур бўлиб қолгани сабабли машиналар тугул ҳатто пиёда ҳам юриши қийин.
Яқинда Оқжар қишлоғида бўлганимда йўл четида турган бошланғич синф ўқувчиларига кўзим тушди. Елкасига папкасини осиб олган ўнлаб ёш болалар ёмғир сувлари лойқа кўл ҳосил қилганидан ундан қандай ўтишни билмасдан тўхтаб турганини кўриб раҳмим келди. Баъзиларининг пайпоғи, туфлиси, шимлариям лойга ботиб қолган. Айримларига ўзим ҳам ёрдамлашдим.
– Қор ёққан кунлари бу жойлардан сираям юра олмаймиз, – деди болалардан бири. – Шу сабабли совуқ кунлари дарсга бормай қўя қоламиз. Биз ўқийдиган мактаб қишлоқнинг нариги чеккасида, узоқ. Пиёда боришга қийналаяпмиз.
–Қишлоқлардаги барча ички йўлларни таъмирлаш, уларга асфальт ётқизиш ишлари тумандаги ободонлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилар экан. Аммо нима учундир, бизнинг кўчамиз шу вақтгача бирор марта ҳам асфальтланмаган. Эҳтимол, бу ташвишли аҳволдан мутасаддилар хабардор бўлса-да, эътибор бергиси келмаётгандир? – деди шу ерда яшайдиган фуқаролардан бири Шуҳрат Саломов.
Ўқувчилардан ёши каттароғи кўчада юриш қийинлашганидан зорланди.
–Кечагина дадам янги туфли олиб берган эдилар. Мана қаранг, лойга ботиб қолди.
Жовли Хушбоқов, ЎзА мухбири