Шахмат: Каруанани мағлуб этган Синдоров 5-турда Накамура билан куч синашади
Кипрда давом этаётган Номзодлар турнирининг 4-турида маҳоратли шахматчимиз Жавоҳир Синдоровнинг АҚШ вакили Фабиано Каруанани мағлуб этгани ўзига хос шов-шувли воқеа бўлди.
Мазкур муваффақиятдан кейин Жавоҳир 4 имкониятдан 3,5 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалининг якка пешқадамига айланди.

Ортда қолган 4-турда нидерландиялик Аниш Гири қора доналарда FIDE байроғи остида турнирда қатнашаётган россиялик Андрей Есипенкони доғда қолдирган бўлса, Вэй И(Хитой) – Ҳикару Накамура (АҚШ), Маттиас Блюбаум (Германия) – Праггнанандха (Ҳиндистон) қарама-қаршилигидаги баҳсларда муроса йўли танланди.
Бугун, 2 апрель куни турнир низомига мувофиқ дам олиш куни сифатида белгиланган. Эртага ўтказиладиган 5-тур мусобақасида Жавоҳир Синдоров қора доналарда америкалик Ҳикару Накамура билан куч синашади.

Номзодлар турнирининг аёллар мусобақасида қозоғистонлик Бибисора Асаубаева ва украиналик Анна Музичук 2,5 очко билан етакчилик қилмоқда.
4-турда Бибисора оқ доналарда хитойлик Тан Чжонги билан дурангга эришди. Музичук эса россиялик Катерина Лагнони мағлуб этди. Турнирнинг 5-турида Бибисора Асаубаева россиялик Катерина Лагно қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА