Саудия ва БАА Эронга қарши ҳарбий амалиётга қўшиладими?
"The Wall Street Journal" нашри хабар беришича, Саудия Арабистони ва Бирлаган Араб Амирликлари Эрон билан юзага келиши эҳтимоли мавжуд қуролли можарода АҚШни қўллаб-қувватлаш, жараёнда бевосита ҳарбий иштирок этиш имкониятини фаол муҳокама қилмоқда. Ҳозир ҳар икки давлат Теҳронга иқтисодий босим ўтказиш ва Америка армиясига ҳарбий инфратузилмадан фойдаланишга рухсат бериш орқали иттифоқчисига ёрдам кўрсатмоқда. Хусусан, Саудия АҚШ қўшинига Шоҳ Фаҳд авиабазасини тақдим этган, БАА эса Эроннинг миллиардлаб долларлик активини музлатиш, Ислом Республикасининг Дубайдаги муассасаларини ёпиш каби кескин чораларни қўлламоқда.
Саудия Арабистони тахти вориси Муҳаммад бин Салмон армиянинг жанговар ҳаракатдаги иштироки масаласи жиддий кўриб чиқаётгани, мамлакатнинг Эрон ҳужумига нисбатан сабри тугаётганини таъкидлаган. Мутахассислар фикрича, Ар-Риёднинг урушга кириши энди фақат "вақт масаласи"га боғлиқ. БАА ҳам ҳозир иқтисодий чора билан чекланаётган бўлса-да, келажакда ҳарбий амалиётда қатнашиш эҳтимолини тўлиқ инкор этмаяпти.
Ф. Яхшибоева, ЎзА