Қашқадарёда ижтимоий хизматлар қамрови кенгаймоқда
Қашқадарё вилоятида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, айниқса, ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оилаларига қулай шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда.

Хусусан, Шаҳрисабз, Қарши, Қамаши, Косон, Ғузор ва Яккабоғ туманлари ҳамда Қарши шаҳрида янги “Кундузги парвариш хизматлари” ташкил этилди. Мазкур марказлар орқали 180 нафар ногиронлиги бўлган болани қамраб олиш режалаштирилгани эътиборга молик.

Мутахассислар таъкидлашича, бу каби хизматларнинг йўлга қўйилиши нафақат болалар учун сифатли парвариш ва ижтимоий мослашув имкониятини кенгайтиради, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам муҳим енгиллик яратади. Яъни, фарзанди парвариши билан доимий банд бўлиб келган 180 нафар ота-она учун меҳнат бозорига қайта кириш, доимий иш ўрнига эга бўлиш имконияти пайдо бўлади.

Айни пайтда бу марказларда болаларнинг жисмоний ва руҳий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган турли машғулотлар, реабилитация ва ижтимоий мослашув дастурлари йўлга қўйилмоқда. Бу эса уларнинг жамиятга мослашув даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот учун, амалга оширилаётган ишлар натижасида вилоятда “Кундузги парвариш хизматлари”нинг умумий сони 43 тага етди. Бу эса ҳудудларда ижтимоий хизматлар қамрови тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Мутахассислар фикрича, бундай ташаббуслар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш, оилалар фаровонлигини ошириш ва жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири