Сайёҳлар оқими кўпаймоқда
Жорий йилнинг илк ойларидаёқ Бухорога бўлган қизиқиш янада ортиб, туризм соҳасида юқори кўрсаткичлар қайд этилди. Хусусан, январь–февраль ойларида вилоятга 285,9 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Ушбу сайёҳларга кўрсатилган хизматлар натижасида туризм экспорти ҳажми 81,7 миллион АҚШ долларига етди. Бу эса ҳудудда туризм инфратузилмаси ва хизматлар сифати изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, ички туризм ҳам жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Республика ҳудудларидан Бухорога 465,7 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюргани қайд этилди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида эса Бухоро вилоятидан бошқа ҳудудларга 66,1 минг нафар аҳоли ва турли корхона-ташкилотлар ходимларининг саёҳатлари тизимли равишда ташкил этилди. Бу каби ташаббуслар юртдошларимиз орасида саёҳат маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Йил якунига қадар эса янада улкан натижалар кутилмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, қадимий ва ҳамиша навқирон Бухорога 3,5 миллиондан ортиқ хорижий ҳамда 5,5 миллиондан зиёд маҳаллий сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда. Бу кўрсаткичлар шаҳарнинг халқаро туризм харитасидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини англатади.
–Айниқса, Рамазон ҳайити ва Наврўз айёми муносабати билан эълон қилинган кетма-кет дам олиш кунларида Бухоро шаҳрида сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошди, –дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобур Тўхсанов. –Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган маҳаллий сайёҳлар билан бир қаторда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Франция ва Италия каби давлатлардан келаётган хорижий меҳмонлар сони ҳам ортиб бормоқда. Натижада шаҳарнинг машҳур ва диққатга сазовор масканлари – Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси, Минораи Калон, Лаби Ҳовуз мажмуаси, Сомонийлар мақбараси ҳамда Чор Минор мадрасаси ҳудудларида гавжумлик янада ортмоқда. Бу обидалар нафақат ўзининг меъморий гўзаллиги, балки тарихий аҳамияти билан ҳам сайёҳларни ўзига жалб этади.
[gallery-28307]
Умуман олганда, Бухорода кузатилаётган бундай юқори сайёҳлик фаоллиги вилоятнинг улкан туризм салоҳиятига эга эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА