Ҳарбийлар байрамни кенг нишонлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янгиланиш ва яшариш тимсоли бўлган Наврўз байрами Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Нукус горнизонида ҳам юқори руҳда, тантанали тарзда нишонланди. Ушбу қадимий байрам нафақат табиатнинг уйғонишини, балки инсон қалбида эзгулик, меҳр-оқибат ва янгиланиш туйғуларини уйғотиши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Байрам тадбирида ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда асосан асрлар давомида аждодларимиздан сайқалланиб келаётган халқимизнинг миллий урф-одат ва анъаналари жонли тарзда акс эттирилди. Хусусан, миллий либослар намойиши, қадимий удумлар асосида саҳналаштирилган чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ҳарбий хизматчилар ўртасидаги кураш, арқон тортиш, тош кўтариш каби миллий спорт турлари бўйича беллашувлар дўстлик ва соғлом рақобат муҳитида ўтди. Айниқса, миллий кураш баҳслари томошабинлар эътибор марказида бўлиб, полвонларнинг маҳорати олқишларга сазовор бўлди.
Ҳунармандчилик буюмлари, миллий таомлар ва халқ амалий санъати намуналаридан иборат кўргазмаларда халқимизнинг бой маданий мероси акс этди. Ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар, фольклор жамоаларининг чиқишлари эса тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
[gallery-28277]
Ҳарбий округда ўтказилган Наврўз байрами миллий қадриятларимизни улуғлаш, ҳарбий хизматчилар ва аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА