Абдулла Орипов шеъриятининг қутлуғ қадамжоси
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов халқимизнинг мард, ватанпарвар, миллатпарвар, танти, меҳридарё, донишманд шоири эди. Бу жиҳатлар устоз ижодкорнинг шеърларида ҳам ўзининг яққол ифодасини топган.
21 март – халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Орипов таваллуд санасининг кенг нишонланиши мамлакатимизда эзгу адабий анъанага айланган. Юртимизда Наврўз ҳамда Рамазон ҳайит айёми шукуҳи кезиб юрган шундай муаззам кунларда Тошкент вилоятидаги “Дўрмон” ижод уйи ҳудуди ҳамда шоир яшаб ижод қилган хонадон атрофи байрамона безатилди. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов уй-музейининг тантанали очилиши адабиёт, маънавият ва маърифат байрамига айланиб кетди.
Бу ерга эрта тонгданоқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотларнинг мутасаддилари, ёзувчи ва шоирлар, адабиёт мухлислари, мусаввирлар, ижодкор зиёлилар тўпландилар.
Айтиш керакки, хассос шоир, элпарвар, миллатпарвар ижодкор Абдулла Орипов уй-музейининг очилиши шоир таваллудининг 85 йиллигига муносиб совға бўлди. Жорий йилда устоз ижодкор таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан кўплаб адабий анжуманлар, маърифий мулоқотлар, давра суҳбатлари, адабиёт байрамлари ўтказилмоқда. Шубҳасиз, уларнинг энг йирик воқеликка айлангани устоз шоиримизнинг ҳаёти ва фаолияти, ижоди билан бевосита боғлиқ мазкур уй-музейнинг очилиши бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда адабиётга қаратилаётган эътибор янада кўпроқ маҳобат ва шиддат, теран мазмун касб этаётганини, унинг қамрови ва кўлами тобора ортиб бораётганини эътироф этди.
- Абдулла Орипов ижоди болаликдан ёдда қолган, она-Ўзбекистонимиз рамзига айланган шеъриятдир, - деди Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Абдулла Орипов шеъри, деганда энг аввало, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ижодкор умрининг энг мураккаб даврларида ҳам халқим, Ватаним, она-Ўзбекистоним, деб баралла куйлаган шоирдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Русланбек Давлетов, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев Президентимиз ғояси ва ташаббуси асосида мазкур уй-музейнинг ташкил этилиши миллий адабиётимизда катта воқелик эканини таъкидладилар.
“Дўрмон” ижод уйи ҳудудидаги шоир истиқомат этган хонадонда муқаддас Рамазон ҳайити ҳамда Наврўз айёми, қолаверса шоир 21 март – шоирнинг таваллуд санаси арафасида Абдулла Орипов уй-музейининг очилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно мужассам. Негаки, шоир ижодида меҳнатсевар халқимиз, озод ва обод Ватанни, истиқлолимизни тараннум этиш ҳамиша устувор аҳамият касб этган.
Дарҳақиқат, “Ўзбекистон – Ватаним маним” деб баралла айтган Абдулла Орипов ўзидан бой ижодий мерос, ёрқин ҳаётий из, адабиётга меҳр ва эътиқоддек ибрат мактабини қолдиргани диққатга сазовор. Устоз шоирнинг ёрқин шахсини бир фаолиятда қамраб олиш мумкин эмас. Шу маънода мазкур музей адабиётимиз, Абдулла Орипов шеъриятининг қутлуғ қадамжоси бўлиши шубҳасиз.
–Абдулла Орипов - илк китоблари билан миллий адабиётимизда қолган ижодкор, - деди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. – Ўзбек адабиётида бундай шоир бўлмаган. Абдулла ака қаерга борсалар, халқимиз жуда мамнуният, юқори кайфиятда, олқишлар билан уларни кутиб оларди. Мен ҳеч ерда бундай олқишларни кўрмаганман. Абдулла ака шеъриятга самимият олиб кирган, ёлғонсиз ёзган. Бундай уй-музейларнинг барпо этилиши у кишининг обрўсига ярашиқли ташаббусдир. Шундай шоиримиз борлигидан доим фахрланиб яшай миз.
[gallery-28268]
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат ўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова Абдулла Орипов шеъри билан куйланувчи қўшиқларидан ижро этди.
Шоирнинг умр йўлдоши, унинг шеърлари ва умуман бор ижодий меросининг билимдони Ханифа ая Мустафоева шундай эзгу ташаббус учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
- Музей жуда қисқа фурсат ичида ташкил этилди, – деди Ханифа ая Мустафоева. – Бу эзгу ташаббус учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этаман. Дарҳақиқат, Абдулла ака умрини адабиётга, Ватанга, халққа бахшида этган шахс эдилар. Ушбу музей адабиёт мухлисларига шоримизнинг фаолияти ҳақида тўлақонли маълумот беради.
[gallery-28269]
Чиндан ҳам музей Абдулла Орипов яшаган муҳит руҳини сақлаб қолгани билан аҳамиятга молик. Бу ердаги шоир асарларининг асл қўлёзмалари мавжуд ижодхона, юзлаб китобларни бағрида сақлаётган маҳобатли кутубхона, ижодкор зиёлилар билан дилдан суҳбат учун мажлислар хонаси, мўъжаз фойе ғоят файзли, шинам, кўркам. Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси яратилган алоҳида ижодхона уй-музейга янада кўрк, салобат бағишлайди. Она-Ўзбекистонимизнинг илк маҳияси айнан шу хонада дунёга келгани қалбларни ғоят ҳаяжонга солади. Чиндан ҳам мазкур уй-музей миллий шеъриятимизнинг донишманд дарғаси Абдулла Орипов ижодини мукаммал ўрганиш, ундан баҳра олишга хизмат қилувчи табаррук адабий маскандир.
Назокат Усмонова, Сарвар Ўрмонов, (суратлар), ЎзА