Самарқандда аҳоли хизматида бўлган автобуслар сони янада ошади (+видео)
Президент ташрифидан сўнг...
Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, аҳоли учун замонавий, янги автобуслар хизмат қилаётганига кўзингиз тушади. Бу эса халқимиз манзилларига равон етиб боришларида муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 17 февралда қабул қилинган “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида чекка ҳудудларда ҳам автотранспорт хизматлари яхшиланиб, жамоат транспорти йўналишлари кенгайтирилмоқда.
Бунда автобусларни замонавий талаблар асосида модернизация қилиш, йўналишлар бўйлаб экологик тоза автотранспортларни ташкил этишга алоҳида ёндашилмоқда.
Айни мақсадларда Самарқанд шаҳрига биринчи босқичда 49 миллион доллар ҳисобига 100 та замонавий электробус олиб келинди.

Мазкур Yutong русумли электробуслар 30 ўринли бўлиб, умумий сиғими 75 нафар ҳисобланади.
Ҳудуднинг 4 гектарга яқин қисмида автосарой ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида 18 март куни мазкур автосаройда бўлди.
– Бу ердаги электробусларни қувватлаш станциясида бир вақтнинг ўзида 50 та жамоат транспортига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди, – дейди “Samarqandyo’lovchitrans” давлат муассасаси раҳбари Отабек Абдуллаев. – Электробуслар учун барпо этилган ёпиқ тураргоҳда техник хизмат кўрсатиш учун мобиль таъмирлаш техникаси ҳам мавжуд. Электробуслар шаҳарнинг 9 та йўналишида брутто-шартномасида ҳаракатланиб, кунига 70 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатмоқда.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса яна қўшимча 250 та электробус харид қилиш назарда тутилган.
Давоми қуйидаги видеода:
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/8r0EyQX94WE?si=rD2z5rBoZHX5lApw" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқуб МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА