Булунғурда 50 миллион долларлик гўшт йўналишидаги наслчилик корхонаси ишга туширилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Аҳоли чорвани уйда боқиб, баҳор-ёз фаслида далага олиб чиқишга ўрганган. Лекин чорвани ўтлатадиган жой камайиб кетаётгани қайд этилди.
Шу боис, вилоятнинг 4 та туманида жами 43 минг гектарда жамоат яйловлари ташкил этилади ва маҳаллаларга 30 йилга бепул ижарага берилади.
Яйловларда қудуқ қазиб, сув чиқариш, уруғ экиш ва деградатсиядан чиқариш харажатларига 50 миллиард сўм ажратиш топширилди.
Чорва наслчилиги учун лаборатория ускунаси ва наслли қорамол сотиб олишга 10 йилга 12 фоизли кредит берилади.
Самарқанд азал-азалдан паррандачилик бўйича етакчи ҳудудлардан ҳисобланади. Энди парранда генетикаси мактабини яратиш бўйича ишларни жадаллаштириш кераклиги таъкидланди.
Бу борада Булунғур туманида 50 миллион долларлик гўшт йўналишидаги наслчилик корхонаси ишга туширилади. Қўшработда 20 миллион долларлик тухум йўналишидаги наслчилик корхонасининг фаолияти йўлга қўйилади.
ЎзА