Нарпайда қурилиш материали бўйича бирорта йирик корхона йўқлиги айтилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш давом этмоқда.
Вилоятдаги магистрал йўлларнинг 34 километри Нарпайдан ўтгани савдо ва сервисни ривожлантириш учун жуда катта имконият экани таъкидланди. Лекин йўл бўйларида 10-15 та кичик сервис шохобчасидан бошқа одамларни жалб қиладиган бирорта жой йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Мирбозор чорраҳасидан кунига 60 минг транспорт ўтади. Лекин бу ердаги йўл тор бўлгани учун 2 километргача тирбандлик юзага келмоқда.
Қурилиш учун хомашё захираларининг тўртдан бири Нарпайда жойлашган бўлса-да, қурилиш материали бўйича бирорта йирик корхона йўқлиги қайд этилди.
Туман саноатининг вилоятдаги улуши 2 фоиз. Ҳудудидан 36 километр темир йўл ўтган, 21 гектарли кичик саноат зоналари бўлган туманга бу кўрсаткичлар ярашмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Самарқанддаги сувли ерларнинг қарийб 10 фоизи ушбу туманга тўғри келади. Бироқ Нарпай вилоятдаги қишлоқ хўжалигининг 5 фоизини ҳам бермайди.
Туман мутасаддиларига шу ва бошқа муаммоли масалаларни ҳал қилиш йўллари кўрсатиб берилди.
ЎзА