Ўтган йили сунъий интеллект инфратузилмасига 100 миллион доллар, ушбу соҳадаги стартап лойиҳалари учун яна 100 миллион доллар берилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш давом этмоқда.
Юқорида қайд этилганидек, вилоятда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 100 миллион доллар, Ургут туманининг ўзига яна 50 миллион доллар ажратилди. Умуман, вилоятга барча манбалар ҳисобидан 11 триллион сўм йўналтирилмоқда. Тадбиркорларга кредит учун яна 18 триллион сўм ресурс берилмоқда. Ҳажми жиҳатидан бу миқдордаги маблағ ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Буларнинг барчаси туманларда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, пировардида вилоят иқтисодиётини ўстиришга хизмат қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Ўтган йили сунъий интеллект инфратузилмасига 100 миллион доллар, ушбу соҳадаги стартап лойиҳалари учун яна 100 миллион доллар берилди. Бу катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш орқали ҳудудларни ривожлантириш бўйича энг тўғри ечимларни топиш учун янги имконият экани таъкидланди.
Шуларни ҳисобга олиб, туманларнинг саноат, сервис, қишлоқ хўжалиги кўрсаткичлари, ер ости ва ер усти захиралари, меҳнат ресурси, аҳолининг бизнес ва касбий кўникмасини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш, маҳаллаларнинг имкониятлари асосида туманни ривожлантиришнинг ички моделини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Ушбу таҳлиллар асосида туман ҳокими, “маҳалла еттилиги”, маҳалла банкирлари ресурсларни энг кўп иш ўрни яратадиган ва бюджетга тушумни кўпайтирадиган лойиҳаларга йўналтиради.
Бу тизим 1 майга қадар Нарпай ва Термиз туманларида бошланиб, бутун республика учун намуна қилинади.
ЎзА