Ёш журналистлар билан очиқ мулоқот: медиа соҳасининг бугуни ва келажаги муҳокама қилинди
Ахборот маконининг жадал ривожланиши журналистика соҳасига ҳам янги талаб ва масъулиятларни юкламоқда. Жамият ҳаётида оммавий ахборот воситаларининг ўрни тобора ортиб борар экан, айниқса ёш журналистларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Чунки келажак медиа маконининг қиёфаси айнан бугунги ёш журналистларнинг касбий савияси, дунёқараши ва ташаббускорлигига боғлиқ.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ёшлар куни” доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раҳбариятининг ёш журналистлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Мазкур учрашув ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий ривожланиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот бериш ҳамда медиа соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир давомида мамлакатимизда ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, журналистика соҳасида ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва истиқболдаги лойиҳалар ҳақида сўз юритилди. Айниқса, ёшларнинг ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг профессионал малакасини ошириш ҳамда замонавий журналистика талабларига мос кадрларни тайёрлаш масалалари муҳокама марказида бўлди.
[gallery-28096]
Учрашув жараёнида ёш журналистлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раҳбариятига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Мулоқот давомида журналистика соҳасидаги истиқболли лойиҳалар, медиа муҳитида янги тенденциялар, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Бу эса тадбирнинг нафақат ахборот бериш, балки ўзаро тажриба алмашиш майдонига айланганини кўрсатди.
Тадбирда турли оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ёш журналистлар ҳамда журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди. Очиқ мулоқот давомида ёшлар соҳада мавжуд муаммолар, янги имкониятлар ва истиқболли ғоялар юзасидан ўз фикр ҳамда таклифларини билдирди.
Бугунги кунда журналист нафақат воқеани ёритувчи, балки жамиятда фикр шакллантирувчи, муаммоларга ечим излашга туртки берувчи муҳим шахс ҳисобланади. Шу сабабли ёш журналистларнинг касбий тайёргарлиги, танқидий фикрлаши ва ижтимоий масъулияти алоҳида аҳамият касб этади. Бундай очиқ мулоқотлар эса ёшларнинг соҳа вакиллари билан бевосита фикр алмашиши, тажриба орттириши ҳамда ўз фаолиятини янада ривожлантиришига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ҳамда турли соҳаларда, жумладан, оммавий ахборот воситаларида ҳам ўз салоҳиятини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратмоқда. Ёш журналистлар билан ўтказилаётган бундай учрашув ва мулоқотлар эса медиа соҳасининг келажак ривожи учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Зеро, фаол, билимли ва масъулиятли ёш журналистлар – жамиятнинг холис ва ишончли ахборот манбаи.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Ойбек Пардаев (сурат)
ЎзА