Юртбошимиз орзуларимга қанот бағишлади (+видео)
Инсон ҳаётида унутилмас кун, воқелик бўлади. Фарғона шаҳридаги Президент мактабининг битирувчи синф ўқувчиси Дилафруз Собирова учун кечаги кун шубҳасиз бир умр ёдда қолади. У Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан мулоқотда бўлди.
– Кеча Президентга кўпдан буён айтмоқчи бўлган гапларимни етказишга муяассар бўлдим, – дейди Дилафруз Собирова. – Аввало, Президентимизга ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар учун миннатдорчилик билдирдим. Ва яқинда эришган муваффақиятим – 390 минг долларлик грант ютиб Гарвард университетига қабул қилинганим ҳақида айтдим. Шунда Президентимиз сендай қизларим менинг қанотим ва ифтихорим, сен билан ғурурланаман, дедилар.

Дилафруз Қува туманидаги оддий оилаларнинг биридан бўлиб, ҳали ёшлигиданоқ китоб ва илмга қизиқар эди. Катта танловда ғолиб бўлиб, Фарғонадаги Президент мактабига ўқишга кирди ва бу йил уни тугатмоқда. Давлат раҳбари билан бўлган учрашувда энг аълочи ўқувчи ва муддатидан аввал Американинг Гарвард университетига қабул қилинган талаба сифатида иштирок этди.
– Шу пайтгача ёшларга барча имкониятлар яратиб берилган эди. Лекин Президентимиз учрашув чоғида ёшларни қўллаб қувватлайдиган янги 30 га яқин лойиҳалар ҳақида гапирдилар. Ҳатто керак бўлса, ёшларни пул бериб ўқитаман, дедилар. Бундан ташқари, волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Ўзининг ғояси бўлган ёшларга бизнесини ташкил қилиш учун зарур маблағ, имтиёзли кредитлар билан таъминлашини айтди. Фақат бу ғояларни амалга ошириш талаб этилади, холос. Мен Америкада бўлсам ҳам бу имкониятлардан фойдаланаман, – дейди Дилафрўз.

Дилафрўз тинимсиз ўқиши туфайли устозлари ёрдамида муваффаққиятга эришди. Аммо у ҳали бу йўлдан юксак чўққиларгача бормоқчи.
– Келажакда илм йўлидан кетмоқчиман. Гарвардда биология ва соғлиқни сақлаш йўналишида ўқийман. Кейинчалик соғлиқни сақлашни ривожлантиришга ҳиссамни қўшаман ва тадқиқотларимни амалга ошираман. – Бу ёш ҳамюртимизнинг аҳди.

Президент учрашув чоғи оталарча меҳр билан ғамхўрликнинг энг юксак намунасини изҳор қилди. Дилафруз эса муносиб фарзанд бўлишга сўз берди.
– Президентимиз Америкага борганимда сен билан учрашаман, деб айтдилар. Бу менга жуда катта масъулият ва куч бағишлади. Америкада учрашганимизда Президентимизга мен сизнинг қизингиз – Гарварднинг аълочи талабасиман, дейишга ҳаракат қиламан, – дейди эзгу ниятини изҳор қилган Дилафрўз.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6qIp9nHfHis" title="Yurtboshimiz orzularimga qanot bag‘ishladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА