Халқ розилиги — энг олий баҳо
Инсон қадри, энг аввало, фуқаронинг қийин кунларида унга кўрсатилган эътиборда намоён бўлади.
Бухоро туманида ёш, ташаббускор тадбиркор Ҳафизбек Ҳалимов томонидан амалга оширилган эзгу ташаббус ҳам аҳолини узоқ йиллар қийнаб келган муаммони бартараф этди.
Тадбиркор ҳомийлигида Бухоро туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ мажмуаси ёнида кутиш зали қурилди. Илгари шифохона дарвозалари олдида жазирама иссиқда ёки қаҳратон совуқда, ёмғир ва қор остида жигарбандларининг аҳволидан хабар кутиб, соатлаб сарсон бўлган фуқаролар учун бугун мутлақо янги шароит яратилди.
Ушбу кутиш зали — давлат ва тадбиркорлик манфаатлари халқ фаровонлиги йўлида бирлашганининг ёрқин намунасидир. Бу ерда гап фақат бино ҳақида эмас, балки одамларнинг кўнглига йўл топиш ҳақида бормоқда. Ёш тадбиркорнинг шифохона ҳудудидаги қаровсиз майдонни қисқа фурсатда одамлар рози бўладиган гўзал масканга айлантиргани таҳсинга лойиқ.
– Президентимизнинг тадбиркорларга қарата айтган “Халққа елкадош бўлинг” деган даъватлари мени руҳлантирди, — дейди Ҳафизбек Ҳалимов. – Шифохона ҳовлисида очиқ осмон остида бедор турган ота-оналарни кўриб, бу ерда қишда иссиқ, ёзда салқин муҳит яратишга аҳд қилдим. Бизнес бу фақат фойда дегани эмас. Энг катта фойда халқнинг дуосини олишдир.
Бугун тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар ҳақида гапирганимизда, кўпинча рақамлар ва статистикага таянамиз. Аммо асл ҳақиқатни мана шу масканларга келаётган оддий инсонлар нигоҳида кўриш мумкин. Кутиш залида невара келинини шифохонага олиб келган, 10 нафар набиранинг суюкли бувиси Матлуба Қудратова ўз қувончини шундай изҳор қилди:
– Болам, очиғини айтсам, мен бу кунларни катта неъмат деб биламан. Илгари шифохона остонасида кутиш биз учун мушкул иш эди. Қорми-ёмғирми, ташқарида титраб, паноҳ излаб девор тагида туриб қолардик. На иссиқ жой, на ўтиришга тузукроқ ўриндиқ бўларди. Бугун эса мана, невара келинимнинг енгил бўлишини кутиб ўтирибман. Шифохона эмас, худди ўз уйимнинг бир бурчагидек иссиқ ва шинам. Кўнглим хотиржам. Илгари бундай шароитларни фақат орзу қилардик. Давлатимиз раҳбари тез-тез айтадиган “инсон қадри” деган гапларнинг асл мазмунини мен мана шу ерда ҳис қилдим. Бизни кўчада қолдирмай, иссиқ жойга ўтказиб қўйишгани — мана шу бизнинг қадримиз. Бу ердаги шароит, бизга кўрсатилаётган илиқ муносабат – бу оддий халққа бўлган ҳурматнинг белгиси. Бунинг учун Президентимизга, вилоят ҳокими ва шифокорларимизга катта раҳмат, – дейди онахон кўзларида ёш билан.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тиббиёт муассасалари нафақат даволаш маскани, балки фуқароларнинг руҳий хотиржамлиги таъминланадиган инсонпарвар тизимга айланмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, биз учун энг муҳими — одамларимизнинг саломатлиги, уларнинг тиббий хизматдан рози бўлиши. Агар тиббиёт тизими ўзгармаса, инсон қадри тикланмайди. Бухоро туман тиббиёт бирлашмаси мисолида бугунги кунда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида кечаётган туб ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати — тиббиётни инсонга яқинлаштириш тамойили яққол намоён бўлмоқда.
Туғруқ комплекси остонасида барпо этилган замонавий кутиш зали жамиятдаги янгиланишларнинг амалдаги самарасидир. Бу ташаббус давлат ва тадбиркорлик манфаатлари халқ фаровонлиги йўлида бирлашса, тадбиркор фақат ўз манфаатини эмас, балки халқнинг дардини ўз дарди деб билса, жамиятда мутлақо янги муҳит шаклланишини исботлади.
[gallery-27795]
Тадбиркор Ҳафизбек Ҳалимов томонидан яратилган бу қулайлик халқимизга ғамхўрликнинг бир мисолидир. “Инсон қадри учун” тамойили шифохона остонасидан бошланиши кераклигини кўрсатган бу тажриба халқ ва тадбиркор ўртасидаги меҳр-оқибат кўпригини янада мустаҳкамламоқда. Зеро, Президентимиз айтганларидек, халқимиз биздан рози бўлса, ишимизда барака бўлади.
Зарифжон Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА