Сайхунободда ҳам бодом гуллади
Қиш адоғига етиб, баҳор нафаси сезила бошлаган шундай паллада юртимизнинг жанубий сарҳадларида кузатилаётган табиий ўзгаришлар каби Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ҳам бодомлар гулга кирди. Боғ-роғлар яшилликка бурканиб, гулу-чечаклар очилиши арафасида турибди. Бу ҳолат аҳоли қалбида ҳам илиқлик ва умид уйғотади. Ана шундай кунларда деҳқонларни уйда эмас, далада, чорвадорларни эса қир-адирлар бағридан топиш мумкин.
Маълумотларга кўра, тумандаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 10 гектар майдон ўтган йили тадбиркор томонидан аукцион орқали 110 миллион сўмга сотиб олинган. Илгари ташландиқ ҳолатга келиб қолган мазкур боғда бугун 600 туп бодом ва 600 туп гурдоли дарахт парваришланмоқда.

– Ҳозир дарахтларга шакл бериш, ерни ағдариш, хас-хашак ва ёввойи ўтлардан тозалаш ишларини олиб боряпмиз, – дейди “Озод диёр” хусусий корхонаси раҳбари Аҳмад Муқимов. – Айни дамда 2 нафар доимий ишчи фаолият юритаётган бўлса, ёз мавсумига келиб эса мавсумий ишчилар ҳисобига улар сони 25 нафарга етади.

Соҳадаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, иқлим шароити барқарор бўлса, юпқа пўчоқли бодом навларидан мўл ҳосил олиш мумкин. Бу эса ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Тадбиркорнинг режалари ҳам салмоқли. Қолган ер майдонларига экспортбоп мева навларини, дарахтлар орасига эса беда экиш, чорвачиликни йўлга қўйиш, шунингдек, меваларни қайта ишлаш ва сақлаш цехини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу ишлар нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Қиш тугаши билан деҳқончилик ишлари янада қизғин тус олди. Ерга ишлов бериш, кўчатларни парваришлаш ва суғориш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бодомларнинг гуллаши эса баҳорги аграр мавсум бошланганининг ўзга хос белгиси сифатида баҳоланмоқда.

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудларда ташландиқ ер майдонларини ўзлаштириш ва боғдорчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган бундай ташаббуслар аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Сайхунободда гуллаган бодомлар нафақат фасл алмашинуви, балки ҳудуд иқтисодиётида янги ўсиш нуқталари шаклланаётганининг ҳам ифодасидир. Бодом гуллади, демак, юртга яна бир умидли, серҳосил ва баракали баҳор кириб келмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири