Япония билан ҳамкорликнинг янги босқичи
Япониянинг нуфузли “Joho Bencha” компанияси директори жаноб Коутару Кай Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлди.
Учрашувда қайд этилганидек, ҳамкорлик доирасида мазкур олий ўқув юртига япон тили бўйича малакали мутахассис жалб этилади. У саккиз ой давомида талабаларга дарс бериб, япон тилини чуқур ўрганиш, касбий фаолиятга тайёргарлик кўриш ҳамда Японияда ишлаш учун зарур билим ва кўникмаларни шакллантиришга ёрдам беради.

Жорий йилнинг 16–23 январь кунлари Япониянинг “Orange” компанияси раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Қорақалпоқ давлат университети ўртасида япон тили ва касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланган эди.
Ушбу ташаббусларни амалга ошириш доирасида “Orange Karakalpakstan” компанияси 21 январь куни расман давлат рўйхатидан ўтди. Компания япон тили ва касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда кадрлар тайёрлаш жараёнларини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Ушбу ташаббус ёшларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ҳамда Япония билан таълим ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА