Энергетика ва сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг энергетика ҳамда сув хўжалиги соҳасига масъул раҳбарлари иштирокида ишчи учрашув бўлиб ўтди. Унда соҳадаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мавсумий юкламалар даврида тизимлар барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири Ерлан Аккенженов ҳамда Тожикистон Республикаси энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума иштирок этди. Шунингдек, тўрт мамлакат энергетика компаниялари раҳбарлари ва масъул мутахассислари ҳам музокараларда қатнашди.

Музокаралар давомида сўнгги йилларда давлатлар раҳбарлари ташаббуси билан йўлга қўйилган кўп томонлама ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Айниқса, ёқилғи-энергетика соҳасидаги мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар минтақада барқарорликни таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.


Йиғилишда жорий куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, вегетация даврида сув-энергетика тизимларининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Вазирлик ахборот хизматига кўра, томонлар тармоқлар иш режимлари бўйича мувофиқлаштирилган графиклар юзасидан келишувга эришди.
Н.Зиёдулаева, ЎзА