Таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган ҳудудларда давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар қуришга рухсат берилади
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмат раҳбари Дилфуза Собирова иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Унда давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган муҳим вазифалар юзасидан маълумот берилди.
Мутахассисга кўра, 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим ташкилотларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналишлари бўйича бакалаврлар тайёрлаш халқаро илғор тажриба асосида ташкил этилади. Шунингдек, ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун дуал таълим шаклида тўлов-шартнома асосида бакалавр тайёрлаш йўлга қўйилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб (Тошкент шаҳри бундан мустасно) мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман (шаҳар)ларда тадбиркорлик субъектлари учун қатор имтиёзлар жорий этилади.
Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этишга рухсат берилади. Бунда ижара тўлови 30 йилгача ундирилмайди, ҳар бир бола учун давлат боғчасидаги харажатнинг 50 фоизи миқдорида электрон давомат асосида субсидия ажратилади.
Мазкур имтиёзлар 2024 йилдан бошлаб ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ҳам татбиқ этилади. Қамрови 80 фоиздан паст бўлган ҳудудлар рўйхати вазирлик томонидан ҳар молиявий йилда тасдиқланади.
Шунингдек, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб мактабга тайёрлов гуруҳларига болалар амалдаги тартиб асосида, яъни умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар улар етти ёшга тўладиган йили қабул қилинади.
2027-2028 ўқув йилидан эса бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтган болаларга давлат намунасидаги электрон сертификат берилади ва ушбу маълумотлар умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномада қайд этилади. Бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилади.
Барча 6 ёшли болаларни қамраб олиш учун бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар ва ижтимоий соҳа объектларида йўлга қўйилади. Шунингдек, нодавлат таълим ташкилотларига ҳам бу гуруҳларни ташкил этишга рухсат берилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА