Асоссиз қарздорликлар юзасидан сўров юборилди
Юртимизда истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, коммунал хизматлар сифатини ошириш ҳамда аҳолига адолатли ва шаффоф хизмат кўрсатиш устувор вазифалардан ҳисобланади. Айниқса, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари билан боғлиқ муаммолар аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органларига 2025 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматлари бўйича 1141 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки ойларида ушбу масала юзасидан 850 дан ортиқ мурожаат қайд этилди. Бу мурожаатлар сонининг сезиларли даражада ортганини кўрсатмоқда.
Мурожаатларда асосан чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаслиги, хизматлар сифати пастлиги, шартнома шартларига амал қилинмаслиги, шунингдек, асоссиз қарздорликлар ҳисобланган. Шу сабаб электр энергияси тўловларига чекловлар қўйилгани юзасидан эътирозлар билдирилган.
Ўрганишлар давомида айрим ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқишнинг белгиланган минимал даврийлигига амал қилинмаётгани ҳамда фуқароларга асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётгани аниқланди. Мурожаатларнинг асосий қисми Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларига тўғри келмоқда.
Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси томонидан чиқиндиларни ўз вақтида ва сифатли олиб чиқишни таъминлаш, асоссиз қарздорликларни бартараф этиш ҳамда шу сабаб электр таъминотига киритилган чекловларни қайта кўриб чиқиш чораларини кўриш юзасидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига расмий сўров юборилди.
Қўмита фуқароларни хизмат сифати билан боғлиқ ҳолатларда мурожаат қилишга чақиради ва бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилишини маълум қилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА