Янгиланаётган Марғилон: замон ва тарих уйғунлиги (+видео)
Марғилон шаҳри ҳақида қадим қўлёзмаларда эслатилишича, у уч минг йиллик тарихга эга. Икки минг йил аввал бу ердан Буюк ипак йўли ўтгани, шаҳарда йирик карвонсарой, Шарқ ва Ғарб моллари билан савдо қилуви ҳамда мол айрибошловчи бозорга эга бўлгани бугунгача сақланган ёзма манбаларга қайд этилган.
Ўзбекистон Президенти фаолиятидаги муҳим ва ёрқин жиҳатлардан бири шу бўлдики, сўнгги йилларда халқнинг шарафли тарихи қайта жонлантирилмоқда. Жумладан, Президент ташаббуси билан Марғилон шаҳрида “Бурхониддин Марғиноний илмий-маърифий туризм мажмуаси” бунёд этиляпти. Қисқа вақт ичида шаҳарга киравершида яна бир қадим шаҳар пайдо бўлди. У ўша даврлар меъморчилигининг энг ёрқин намуналарини ўзида мужассам этган. Ўймакор устунлар, тоқили шип, қалам ва қошли томлар, янчилган сомон сувоқли деворлар, ўймакор кошин ва нақшкор ғиштлар, минора-ю кўприклар... Бу ерга келган одам ўзини гўё икки-уч минг йил аввалги замон – қадим Марғилонда юргандек сезади ўзини.

– Ҳунармандчилик марказлари, мақом театри, Марғилон шаҳар марказий музейи, улуғвор фонтан, савдо-сотиқ шохобчалари, ресторанлар, кўнгилочар масканлар ҳамда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”асари қаҳрамонлари Отабек ва Кумушга ҳайкал қўйилган марғилонлик қутидорнинг рамзий ховлиси каби бинолар қад ростламоқда, – дейди Фарғона вилоятининг бош архитектори Фахриддин Абдулатипов. – Уларни Наврўз арафасида топшириш ниятидамиз.

Мажмуада ҳалигача Ўзбекистонда муқобили йўқ театр биноси қуриляпти. Бу – Мақом театридир. У тўрт қаватли актёр, режессёр, рассом, декораторлар биноси ва 500 ўринли ҳар бир асбоб товуш ва хонанда овозини гўё икки ёқдан тарқалаётгандек тинглаш имконини берувчи томошахонадан иборат. Марғилоннинг шарафи ҳунармандлик туфайли оламга таралди. Мажмуада 32 та йўналишдаги 32 та ҳунарманд уйи ва устахонаси қурилди.

Уларнинг ҳар бири ўзига хос меъморий ечимга эга. Мажмуадаги шох кўча кўнгилочар масканларга етакловчи кўчалар билан кесишади. Бир тўрида 2500 ўринли амфитеатр бўлса, бир ёқда сунъий кўл ва мусиқали фавворалар шаббодасидан кўнгиллар баҳра олади.
Шубҳасиз, мажмуанинг сайёҳлар учун энг гавжум жойи – Кумушбиби ҳовлиси, севги туташтирган ошиқлар ҳайкаллари қўйиладиган қутидорнинг Марғилонча айвонли равоқи бўлади.

Марғилонга, илмий-тадқиқот ва туризм мажмуасига келганлар учун меҳмонхоналар ҳам қад ростлади.
– “Hilton” бренди асосида хитойлик инвесторлар ўн қаватли меҳмонхона қурилишини бошлаб юборишди, – дейди Фахриддин Абдулатипов. –Бундан ташқари, яна таниқли брендлар асосида бинолар қурилмоқда. Масалан, 15 қаватли 5 юлдузли меҳмонхонада пардозлаш ишлари олиб бориляпти. Туркиялик инвесторлар ва Тошкентдаги шаҳарсозлик лойиҳа институти ҳамкорлигида мавзенинг ягона қиёфаси ишлаб чиқиляпти.
Мажмуанинг биринчи босқичи Наврўз кунлари дастлабки меҳмонларни қабул қилиб олади. Лекин қурилиш ишлари давом эттирилади. Бу ерда 2000 ўринли анжуманлар зали, Бурхониддин Марғиноний илмий тадқиқот маркази, 300 ўринли фиқхшуносликка ихтисослашган юридик институт, 1500 ўринли масчит бинолари бунёд этилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TfjHUh1K5EQ" title="Yangilanayotgan Marg‘ilon: zamon va tarix uyg‘unligi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат),
ЎзА